Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лондондаги сайёҳлик форуми Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлади

Лондондаги сайёҳлик форуми Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлади

2025 йил 23 июнь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистон-Британия сайёҳлик форуми катта муваффақият билан ўтказилди. Тадбирда сайёҳлик соҳаси вакиллари, ишбилармон ҳамкорлар ва Буюк Британиядан меҳмонлар иштирок этдилар.

Иштирокчиларни Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов, шунингдек Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон қутладилар.

Лондонда Буюк Британия сайёҳлик компаниялари ва ҳамкорлари иштирокида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш ва алоқалар ўрнатишга бағишланган «B2B» учрашувлари ҳамда «Road Show» давомида Хоразм ва Самарқанд вилоятлари туризм соҳаси вакиллари ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун ўз лойиҳалари ва имкониятларини тақдим этдилар. Уларнинг тақдимотлари британиялик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотиб, туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун янги истиқболларни очди.

Ишбилармонлик дастурига қўшимча равишда Софи Ибботсон ва Таслима Алам иштирокида ислом санъати бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Бу тадбир иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ноёб маданий мероси билан танишиш имконини берди ва норасмий муҳитда ҳамкорлар ўртасида шахсий мулоқот учун ажойиб имконият яратди.

Форум Ўзбекистоннинг миллий таомлари – палов, шарқона ширинликлар ва анъанавий ичимликларни татиб кўриш билан бойитилган маданий дастур орқали якунига етди. Иштирокчилар нафақат меҳмондўстлик муҳитидан баҳраманд бўлишди, балки келажакдаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Ўтказилган форум ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим платформага айланди ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини яққол намоён этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг