Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиёга Эль-Ниньо хавф солмоқда – Жапаров

Марказий Осиёга Эль-Ниньо хавф солмоқда – Жапаров

Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига жиддий муаммо туғдириши мумкин. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров Бишкекда ўтказилган агросаноат форумида гапирди.

«Экспертлар Тинч океанидаги Эль-Ниньо деб аталган кенг кўламли иқлим феномени сабаб 2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлишини башорат қилмоқда. Бу ҳодиса 2023 йилги энг юқори ўсишдан кейин глобал ҳароратга янада кучли таъсир кўрсатади. Демак, 2024 йилда ҳам жазираманинг янада авж олиши эҳтимоли катта», – дейди сиёсатчи.

Қирғизистон бош вазири иқтисодий муаммолар бутун Марказий Осиёга таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди. Унга кўра, 2050 йилда минтақа аҳолиси 27 фоизга, озиқ-овқат истеъмоли 35 фоизга, сув истеъмоли эса 50 фоизга ошиши кутилмоқда.

О.Жапаров Марказий Осиё давлатлари экологик таҳдидларни инобатга олган ҳолда сув манбалари ва яшил энергетика соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиши лозимлигини урғулаган.

Эль-Ниньо феномени – Тинч океани сирт қатламидаги сув ҳароратининг ўзгаришидир. Ҳароратдаги беқарорлик иқлимга сезиларли таъсир кўрсатади, ўрмон ёнғинларидан тортиб қурғоқчиликка қадар – турли табиий офатларни келтириб чиқаради.

Олимлар бир неча йилдан буён умумий иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо табиий ҳодисасининг бошланиши янги ҳарорат рекордларига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам Эль-Ниньо феномени 2024 йилда Жанубий Америка, Марказий ва Шарқий Осиёда экстремал ҳодисаларга сабаб бўлади деб башорат қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг