Мен аразлаган ва фахрланадиган филм

Яқинда интернет сайтларидан бирида «Чинор остидаги дуэл» фильми Фориш туманининг Қоратош қишлоғида суратга олингани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Бу мақола муаллифи кичик хатога йўл қўйган. «Фильмнинг айрим кадрлари Қоратош қишлоғида суратга олинган», деса тўғрироқ бўларди. Чунки, фикри ожизимча, «Чинор...»нинг 60-70 фоизи бизнинг Турбат қишлоғимизда суратга олинган. Қолган кадрлари Тошкент (Навоий театри олдидаги фаввора), Бўстонлиқ ва Қоратошда суратга олинган.
1978 йилнинг баҳорида қишлоғимизда эшигига «Ўзбекфилм» рамзи туширилган машиналар пайдо бўлди. Ўша вақтда 94-ҳунар техника билим юрти туман марказига кўчган, ётоқхоналари бўшаб қолган эди. Қишлоғимиздаги мана шу даргоҳларга артистлар келиб жойлашди. Тўғри, улар ҳар куни бу ерда бўлмасди. Тошкент яқин бўлгани учун қатнаб ишлашарди.
Ҳамза Умаров, Обид Юнусов, Клара Жалилова ва бошқа таниқли актёр ва актрисаларни ўшанда кўрганмиз. У вақтларда тирик артистларни кўриш фахр бўлган.
Аммо синфдошларим учун барибир эди. Мен уларнинг юзидаги бефарқликни кўриб ҳайрон бўлардим: «Ахир қишлоғимизга фалончи артист келди-ку?»
Эсимда, якшанба кунлари машҳур-у, номашҳур артистлар қишлоқ бозорини айланиб юришарди. Уларга деярли ҳеч ким эътибор бермасди. Шунчаки қишлоқдошлари оддий харидор сифатида кўришарди.
Фақат партадошим раҳматли Тўлқин бир куни менга «Ҳамза Умаров эски чопон кийволиб кун мобайнида қўй боққани»ни тўлқинланиб айтган эди. Синфдошим Комил Тошев «Обид Юнусов Клара Жалилова билан уйимиздаги сўрида «Муштум» ўқиганини кўрдим», деганда, унинг гапини оддий гапдек қарши олишгани ҳамон кўз ўнгимда.
Фильмдаги бўри боласи билан суратга тушган, аммо тирик артистлар билан бундай қилолмаган бўлса-да, дўстларим Араббой ва адашим Шарофиддинлар тирик артистлар билан юзма-юз кўришганини ҳамон фахрланиб айтиб юришади.
«Газ-53» машинасида сунъий чақмоқ чақтириладиган жиҳозлар олиб келингани, май ойида кузатилган момақалдироқ сунъиймиди ёки табиийми, бу ҳамон мен учун жумбоқ.
«Чинор остидаги дуэл» 1978 йилда суратга олинган, монтаж ишлари 1979 йили тугалланиб экранларга чиқарилган эди. Аммо қишлоғимиз киномеханигига ҳар қанча илтимос қилмайлик, фильмни олиб келмаган. Кейинчалик телевизорда намойиш қилинганида томоша қилганман.
Филм суратга олинаётганида ҳамқишлоқларим ҳиссиётга берилмай бефарқ бўлса, кинони кўриб, мен шу ҳолга тушдим. Чунки филмда қишлоқ номи айтилмаган, қишлоқ одамлари руҳи очиб берилмаган, бирорта турбатликнинг юзи кўринмаган, ҳатто колхозчилар ролини ҳам актёрлар ижро этган эди. Қўйлар ва битта отдан ташқари қўшнимиз Йўлдош акамнинг пресс ортаётган тракторигина акс этган эди унда.
Шунда билдимки, Фориш узоқ бўлгани сабаб, маблағни тежаш мақсадида съёмка учун Тошкентга яқин атрофдаги қишлоқ танланган экан. Тўғри ҳам қилинган.
Йиллар ўтди. Кинога нисбатан «аразим» барҳам топиб, ҳар гал намойиш этилса, томоша қилишга интиламан. «Бу бизнинг қишлоқ манзаралари», дея фахрланиб ҳам қўяман. Чунки «Чинор остидаги дуэл» менинг болалигимни эсга туширади.
Шарофиддин Тўлаганов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter