Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Менинг ўғлим урушга бормас эди» (ҳикоя)

«Менинг ўғлим урушга бормас эди» (ҳикоя)

Муҳожир боласини тобутда қаршилаган она

Ложись! На землю! – қаердандир қўлида қурол билан пайдо бўлиб қолган Россия полицияси ходими Сардорнинг орқа оёқлари тизза қисмига зарб билан тепди.

«Доставкачи»лик ортидан кун кўраётган Сардор нима бўлаётганини англамай қолди. Уни буюртма берган мижозга тегишли овқатнинг ер билан битта бўлиб ётгани ташвишга солди. «Шундай-да ҳам бир ҳафтадан бери бетоб бўлиб, ишга чиқолмай ётгандим. Шефимга нима дейман? Яна ишсиз қоламанми?! Нима бўлди экан, ўзи?!» – Сардорнинг ичидан зил ўтиб, бир зумда миясида турли ўйлар чарх урди.

Кутилмаганда оч биқинига келиб тушган оёқ тепкисидан инграб юборди.

За что, ака?! – қўлини бошининг орқасига мажбуран қўйдирилган кўйи сўради Сардор.

Какой ещё «ака?!» Вон, смотри – это что?! Наркотики, да! Наркоман, чёрт! – сўкинди полициячи.

Икки оёғининг орқа қисмидан аямай босиб турган полициячи қўлидаги қора пакетни унга кўрсатиб, нималарнидир рўкач қиларди.

Это не моё, акажон! Вот это – моё! – Сардор ерга сочилиб, тўкилиб ётган овқатларни нигоҳи билан кўрсатди полиция ходимига.

Ха! Я тебе сейчас докажу, что это не твоё! Тьфу!

Бир нечта полиция ходимлари эндигина 21 ёшга тўлган бухоролик муҳожир Сардорни куч билан хизмат машинасида олиб кетишди. Сардорнинг кўзлари ортда – уни эшиги олдида кузатиб турган буюртмачининг қув нигоҳларида қолди...

***

Сардор 19 ёшга кирган йили муҳожирлик тўнини елкасига ташлаб, Бухородан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига ишга кетганди. У уйда ёлғиз ўғил эди. Ҳар куни эрталабдан кечгача қурилишда ишлади. Иш берувчилар унга паспорт эмас, «ишни яхши қил» деб қарардилар. «Патент йўқ», деб жарима солдилар. Қўли оғриб, оёғи шишиб қолган кунларда у онасига телефон қилиб:

– Она, ҳеч нарса бўлмайди, бир йилда қарзлардан қутиламиз, уйлар оламиз, синглимни турмушга узатамиз, – дерди.

Ҳар ойда 300-400 доллар юборишга ҳаракат қиларди. Бир марта: «Она, синглимнинг тўйи учун озроқ йиққандим. Аммо, соғлигим бироз қийнаяпти. Даволаниб олай, кейин ишлаб, яна жўнатаман», – деди.

Онаизор ўшанда кўзларига ёш олган.

Сардорнинг юрагида катта ниятлар яшарди. Муҳожирлик унинг учун осон кечмади. Полициядан қочган кунлари ҳам кўп бўлган. «Регистрация йўқ», «Патент муддати ўтган», деган текшир-текширлардан ўта чарчаганди.

Қурилиш ишлари Сардорнинг жуссасига бироз оғирлик қилдими, соғлиги панд бердими, у кейинги уч ойдан бери «доставкачилик» билан шуғулланди.

Ўғлим, эҳтиёт бўл. Ўзингни асра, болам. Россия ҳам алғов-далғов бўлиб қолди. Билиб-билмай нотўғри йўлларга кириб кетма, болам. Уруш тузоқларидан эҳтиёт бўл! Яхшиси, қайта қол, ўғлим! – зорланди онаизор.

Хабарим бор, онажон. Урушда иштирок этиш — Ўзбекистон Қонунчилиги бўйича жиноят ҳисобланиши ҳақидаги эслатмалар ҳам ёд бўлди, онажон. Аммо, озгина фурсат беринг. Осонроқ ишга ўтдим. Доставкачилик қиляпман. Ҳеч кимга зиёним тегмайди. Хавотир олманг! – деганди у онасига.

Она биз билан суҳбатда ўқчиб-ўқчиб йиғларкан, елкаси узра хийла тўкилиб турган рўмолининг учи билан кўз ёшларини артади. Узоқ хаёлларга чўмиб, секин пичирлаб сўзлайди.

Унинг сўзига кўра, Сардор қамоқда ўзини йўқотмаслик учун кундалик ёзишни бошлаган. Ҳар бир саҳифа унинг ички оламидаги курашнинг бир парчаси бўлган. Ҳартугул, шу кундаликларини тобутга қўшиб, камзуллари чўнтагига солинганча жўнатишган.

«Бугун онамни тушимда кўрдим. Ҳар гал менга қараб йиғларди. Уйимизнинг эшиги очиқ эди. Ҳали уйланмаганим қўшни қизу ҳали туғилмаган фарзандларим унинг ортидан югуришарди… Камерадаги ҳар бир кеча – синов. Қўшни маҳкумлар томонидан келган таҳдидлар, чўчиб ухлашлар, ошхонадаги совуқ таомлар ва ҳеч ким билан бўлишолмайдиган юрак оғриғи... туйқус мени чўчитиб уйғотди. Ҳафсала билан камеранинг темир эшикларига осилдим. Бу бақир-чақирларим кимгача ва қаергача етиб борарди. Тақдирнинг аёвсиз бурилишларида юраги, жисми куйган муҳожиргина болангизни кечиринг, кечиринг, онажон!»

Суҳбатдош чуқур «уҳ» тортиб, яна сўзида давом этади.

– Узоқ бир кечада, у менга қўнғироқ қилди. Титроқ овозда: «Она, мени тўхтатишди… Наркотик, деб айблашмоқда… Мен билмайман, у қаердан келди… Мени қамашди…» Ўғлимнинг бу гапи икки дунёйимни куйдирди. Ўша туни билан қўлларимни кўкларга чўзиб, дуоларда бўлдим: «Ё, Раббим, ёлғон айб бўлсин. Сардор менинг болам – ундан бундай нарса чиқмайди... Кейин у йўқолди. Овози ҳам, хабари ҳам. Ундан кейин келган биринчи хабар – унинг урушга олиб кетилгани бўлди. Кейинги хабар эса – унинг тобути, – зорланиб йиғлади онаизор.

Онанинг айтишича, хорижда унинг ўғлига нисбатан ноҳақ туҳматлар бўлган.

Менинг ўғлим урушга бормас эди. Россиянинг урушларига менинг боламни нима учун олиб кетишди? Сардорим фақат ишлашни, уйлар қуришни биларди, бахт топишни хоҳлаганди. Мен ҳар куни ўғлимнинг эски иш формасини ушлаб йиғлайман. Ундан меҳнат ҳиди келади. Ҳар куни у юборган камзулга мунчоқлар тикаман. У муҳожир эди. У аскар эмас. Муҳожирлар – фақат ишчи кучи эмас. Улар инсон. Улар фарзанд. Улар ҳаёт учун курашчилар. Сардор Ўзбекистонни севарди: сўнгги 3-4 йил ўз юртида, гарчи, жисми билан яшамаса-да, руҳи билан, кўнгли билан соғинарди Бухорони. Рус тилини эплаб гапиролмасди, тўғриси. Қамоқда қанча кун, қанча ой «ўтирди» – билмайман. У ерда уни нимага мажбурлашди – фақат ўзи ва Аллоҳ билади. Кейин Россия-Украина урушида қамоқдаги муҳожирларни фронтга олиб кетишяпти, деб эшитдим. Баъзилари «ихтиёрий», деб ёзилган қоғозга қўл қўйишга мажбур қилинаётган экан. Урушдан қайтганлар йўқ, дедилар. Урушга керак бўлган жон – менинг Сардоримнинг жони бўлди. Урушда керак бўлган нарса – Сардоримнинг қўли, Сардоримнинг кўзи, Сардоримнинг умидлари бўлди. Мен ҳар куни боламнинг расмига қарайман. У ҳали ёш эди. Ҳали бахт кўрмаган эди. Энг навқирон даврини муҳожирликда яшади, урушда ҳалок бўлди, тобутда қайтди, – ўғлининг суратини қучиб йиғлади онаизор.

***

Сардор урушни танламаган эди. У ҳеч қачон қўлига автомат олмоқчи бўлмаган. У меҳнат қилмоқчи эди. Онасига уй қуриб бермоқчи, синглисини тўйлар қилиб узатмоқчи эди. «Отам йўқлигини билдирмайман синглимга, она! Ота ўрнида бахт уйига ўзим етаклаб бораман... Ҳа, айтмоқчи, эркатой қизингиздан тезроқ «қутилсак», навбат менга, чиройли бир қиз-келин хизматингизга келади», – деркан ҳазиллашиб, онаси билан телефон орқали суҳбатларда Сардор.

Сардор қамоқдан чиқаётганда, урушга ихтиёрий боришни ёзма равишда «танлаган». Аслида, бу ихтиёрийлик эмас – бу унинг танлови бўлмаган.

Сардорни олдин жангга ўргатиш марказига олиб боришди. Қўлига қурол тутқазиб: «Теперь ты не мигрант, не заключённый. Ты – солдат!» – деди унга капитан.

Уни уруш кўп жабрлади. Оғриқлар, жангдошларининг қурбонлиги, ҳеч кимга маълум бўлмаган ёнғинлар, портлашлар унинг қалбини синади, орзуларини синдирди.

«Ҳар бир онага тинчлик, ҳар бир болага тинч меҳнат, адолат, қадр ва ҳаёт тилайман», –ўғлининг суратига термулганча кўзда ёш билан сўзлади она.

 

Лайло Ҳайитова

 

Маълумот ўрнида:

2022-2023 йилларда, Россия-Украина уруши авж олган даврда, Россия қамоқхоналаридаги чет эл фуқароларининг фронтга жалб қилиниши ҳақида халқаро ахборотлар тарқалганидан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслиги лозимлиги хусусида расмий огоҳлантиришлар, урушда иштирок этиш – Ўзбекистон Қонунчилиги бўйича жиноят ҳисобланиши ҳақида бир неча марта расмий баёнотлар берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон элчихоналари ва консулликлари Россиядаги фуқароларни назорат қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам бериш, қамоқдаги муҳожирлар билан боғлиқ ишларни олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Аммо, бу фаолият тўлиқ ва самаралими? Аниқ ечимлар ва фуқароларни ҳимоя қилиш даражаси қандай?

Ижтимоий тармоқларда бот-бот айтилаётгандек, муҳожирларни урушдан ҳимоя қилиш бўйича амалий ҳаракатлар етарлими? Россияда қамоқда ўтирган, нохақ айбланган ёки урушга жалб қилинган ўзбекистонликлар ҳақидаги алоҳида текширувлар, халқаро босимлар ёки жамоатчиликни жалб этган ташаббуслар-чи?! Яқинда BBC ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистондан 66 кишининг Украинага қарши урушда Россия тарафида қатнашиб, ҳалок бўлгани хусусида хабарлар ёритилди

Айтиш жоизки, Ўзбекистон расмийлари томонидан Россияга мигрантларга нисбатан тўғри муносабат ва ҳуқуқни ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича дипломатик нота юборилди. Аммо, амалий чоралар, муҳожир фуқароларга юридик ёрдам ва оммавий асосда маълумот етказиш борасида жамоатчилик ва мустақил ташкилотлар фаоллиги етарли эмасдек. Муҳожирларни ҳимоялаш борасида урушда иштирок этишни таъқиқлаш ҳақида баёнотлар берилаётгани амалда ҳам намоён бўлиб, уларни ҳимоя қилиш даражаси янада кучайиши муҳим. Шу ўринда, давлат институтларидан ташқари, жамоатчилик фаоллиги, мустақил журналистика ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари орқали бу ҳолатлар маълум даражадагина ёритилмоқда. Демак, юқорида сўз юритилган баёнотлар Ўзбекистон муҳожирлари учун мустаҳкам ҳимоя қўрғони бўлиб хизмат қилиши кераклиги кун талабига айланиши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг