Метрода юрган масофага қараб ҳақ тўлаш тизими жорий этилади
Энди йўловчилар метрода босиб ўтган масофасига қараб пул тўлайди. Тошкент метрополитенида йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизими жорий этилади.
Бу ҳақда Президентнинг «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (ПҚ-191. 15.05.2026 й.) қарори қабул қилинди.
Йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизимида қуйидаги мажбурий тамойиллар акс этади:
- масофага қараб тўлаш (йўловчи босиб ўтган масофаси ёки бекатлар сонига қараб ҳақ тўлайди);
- аҳоли тоифаларига имтиёзлар бериш (муайян қатламлар учун алоҳида енгилликлар кўзда тутилади);
- абонементлар тизимини жорий этиш (йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар йўлга қўйилади).
Шунингдек, қарорга кўра:
— Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Тошкент метрополитени» АЖ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига хорижий тажриба асосида метрополитенда йўлкира ҳақини тўлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
— Янги тизимни 2027 йил 1 январдан бошлаб амалиётга татбиқ этиш назарда тутилган бўлиб, тегишли таклифлар олти ой муддатда «Тошкент метрополитени» АЖ кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланди.
Аввалроқ метро бекатлари олдида автотураргоҳлар ташкил этилиши хабар берилганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter