Муҳожирлик. Хориждаги ватандош тақдири ва инсон қадри ҳақида (3-мақола)

Инсон давлат ғамхўрлигини оғир синовли кунларда кўпроқ ҳис қилар экан. Айниқса, уйидан юз минглаб километр узоқда, ўзга юртларда ҳаёт учун курашаётган фуқаролар учун давлат сўнгги умид бўлиб қолади...
- Ёпиқ эшиклар ортидан – очиқ дунё сари: Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги кескин бурилиш (1-мақола)
- Ўзбекистоннинг прагматик сиёсати: Россия, АҚШ ва Хитой билан мувозанат қандай ушлаб турилибди? (2-мақола)
Қора тамға
Илгари хориждаги ўзбекистонликларнинг тақдири негадир ноаниқ ва сиёсий тусда баҳоланарди.
Чет элга ишлаш учун кетган миллионлаб юртдошларимиз давлат сиёсатининг кун тартибида бўлмас, уларга ёрдам берилмас, муаммолари ҳам тан олинмас эди. Ҳаттоки муҳожирларимизга «дангасалар» деган қора тамға солинган, улар «тиламчилар»га тенглаштирилган пайтлар бўлган. «Ҳаммамизни шарманда қилган» меҳнат муҳожирлари ҳақидаги гап давлат телевидениеси орқали махсус кўрсатувда намойиш этилганди.
Сўнгги йўл
Қишнинг изғиринли кунларида Москвадан совуқ хабар келди. Қурилиш майдонида ишлаётган 24 ёшли Хуршиднинг кўпқаватли бинодан йиқилиб, жони узилибди.
Унинг орзулари бисёр эди. Юртга қайтиб, онасини рози қилишни, турмуш қуриб, фарзандлар ўстиришни ният қилган эди. Лекин тақдир унга бундай бахтни раво кўрмади.
Онаси Фарида «ўлди» деган гапга ишонмади, «болам чидамли, ҳеч қачон касал бўлмаган» дерди. Гўё ҳозир кўчадан унинг овози эшитиладию, яна ҳовлига кулиб кириб келадигандек эди. Афсус...
Ҳа, ўлим осон эмас, лекин муҳожирнинг ўлими бундан ҳам оғирроқ экан. «Майитни олиб келиш учун кўп пул керак, махсус юк сифатида самолётда олиб келинади. Ҳужжатбозликлар, бўш рейсни кутиш... кўп вақт керак», деган гаплар шундоқ ҳам мусибатдаги оилани бадтар қақшатди.
Хуршиднинг ҳамкасблари ва ватандошлари яқинлари юборган пулга қўшиб, яна омонат йиғишди, ўзлари шифохонага, «морг»га, консулхонага боришди, харажатларни қисқартириш ҳақида илтимослар қилишди. Лекин бюрократия кучли: ҳужжатлар, рухсатномалар, юклаш, юбориш… Бу жараёнлар Ватани, оиласи соғинчида юрган ёш йигитнинг «сўнгги йўли»ни оғирлаштирар, яқинлари қалбидаги оғриқни янаям кучайтирар эди.
Салкам икки ҳафта ўтиб, унинг жасади туғилиб ўсган қишлоғига олиб келинди. Онаси юраги қақшаб фарзандини узоқ кутди. Аммо кўзининг оқу қораси муздай тана, ҳаётга тўймай сўнган кўзлари билан тобут ичида келди...
«Хуршид»лар кўп. Улар ҳар куни тонгда қурилишга, заводга, бозорга йўл олишади. Ҳалол меҳнатлари билан оилаларига, фарзандларига, ота-оналарига пул юборишади. Аммо уларнинг қайтиши, афсуски, ҳар доим ҳам тантанавор бўлавермайди.
Шундай оғир синовлар вақтида давлатнинг инсонларга таянч, тиргак бўлиши қийматини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмас экан.
«Юмшоқ куч»
Шукрки, Ўзбекистонда вазият ўзгарди. Чет элдаги қоракўзларга «дангасалар» деб қаралмайдиган бўлди, у қаерда бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясига олинди. Ташқи сиёсатда фуқаро манфаати устуворликка чиқди. Консулликлар ва элчихоналар янада фаол ва шаффоф ишлай бошлади.

Шавкат Мирзиёев Берлиндаги ватандошлар билан, 2019 йил 20 январь.
Фото: Президент матбуот хизмати
Хориждаги ватандошлар нафақат ҳимоя остида, балки улар ҳам «юмшоқ куч» сифатида давлат дипломатиясининг фаол иштирокчиларига айланишяпти. Кўпчилиги ишбилармон, сармоядор, нуфузли жамиятлар аъзолари. Улар Ўзбекистон имижини кўтаришда, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутишяпти. Давлатимиз улар билан ишлашни стратегик вазифа сифатида кўрмоқда.
Пандемия синови
Бир эслайлик, коронавирус пандемияси бутун инсониятни камбағал-бойлигига қарамай, давлатларнинг иқтисодий қудратидан қатъи назар, тенглаштириб қўйганди. Ўша оғир кунларда Ўзбекистон ўз фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, қаттиқ қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди.
Биргина 2020 йилнинг ўзида 550 мингдан ортиқ фуқаро Ватанга қайтарилди. Шундан 340 мингдан зиёди — чартер рейслар, 55 минг киши темир йўл ва яна 165 минги чегара постлари орқали юртга олиб келинди. Тасаввур қилинг, хорижда ишсиз, пулсиз, бетоб бўлиб ётиб қолган ўзга юрт фуқаросига ким ҳам ғамхўрлик қиларди? Афсуски, юртга қайтишни истамаган, кейинчалик ишсиз қолиб, касалликка чалиниб, хориж шифохоналарига қабул қилинмай, ижара ётоғида жон берганлар ҳам бўлди.
Бу синовли жараёнда давлатимиз шунчаки ташувчи ролини бажармади, балки бошқа давлатлар билан қизғин музокаралар олиб борди, махсус фондлар тузди, ўз халқига қайишган дўст сифатида намоён бўлди.
Агар ўша пайтда...
Вазиятга давлат аралашмаганида, эҳтимол, юз минглаб ўзбекистонликлар юртга қайта олмасди. Уларнинг баъзилари моддий имконсизлик, баъзилари эса чегаралар ёпилгани учун узоқда қолган эди. Давлат эса бир четда жим қараб турмади.
Хориждаги юртдошларимизга нисбатан бундай эзгу ишлар фақат пандемия даврида намоён бўлмади. Украинада тўсатдан уруш бошланганида ҳам мамлакатимиз ўз фуқароларини чартер рейслар орқали эвакуация қилди. Ўқ овозларидан даҳшатга тушган аёллар, болалар учун қанчалик муҳим далда бўлганини ўша ҳолатга тушганлар яхши ҳис қилишади.
«Меҳр» операциялари доирасида эса Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан юзлаб аёл ва болалар юртга қайтарилди.
Инсон қадри
Пандемия ва уруш — бу шошилинч чоралар талаб қилган фавқулодда ҳолатлар. Аммо яна бир ҳақиқат бор: миллионлаб ўзбекистонликлар ҳамон хорижда. Улар орасида... бевақт ҳаётдан кўз юмаётганлар ҳам бор. Маълумотларга кўра, йилига мингга яқин «200-юк» Ўзбекистонга олиб келинади.
Бир вақтлар хорижда вафот этган муҳожирни юртга қайтариш унинг оиласи учун қанчалик оғир руҳий ва катта моддий синов эди.
Югур-югурлар, ҳужжатбозликлар, элчихона ёки консулликдаги узоқ навбатлар, катта маблағ, санитария талаблари ва бюрократик тўсиқлар... Бу шундай оғир юкки, яқинларини айрилиқ азобига қўшиб эзарди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йилда давлат томонидан бу борада ниҳоятда муҳим қарор қабул қилинди. Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Ҳукумат қарорига асосан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик фуқаролар вафот этса, уларнинг жасади ҳукумат томонидан бепул асосда юртга қайтарилиши йўлга қўйилди.
Марҳумнинг яқинлари Миграция агентлиги ёки унинг хориждаги ваколатхоналарига мурожаат қилиш орқали тез кўмак топишлари мумкин бўлди. Ўлим сабабидан қатъи назар, давлат ўз фарзандини охирги манзилига етказишни зиммасига олди... Шунингдек, хорижда қийин вазиятда қолган юртдошларимизга ҳам кўмак кўрсатилиб, зарур бўлса, уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Ҳар қандай жамиятда ҳақиқий юксалиш инсонни қадрлашдан бошланади. Чунки давлат кучли бўлиши учун, энг аввало, одамлар рози, бахтли ва қадрли бўлиши керак. Бундай муҳитда салоҳият юзага чиқади, иқтидорлар порлайди, янгилик яратиш ва ривожланиш жараёни тўхтамайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter