Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустақиллик байрами олдидан юрак хуружи

Мустақиллик байрами олдидан юрак хуружи

1985 йил. «Тошкент ҳақиқати» газетасида ишлардим. Авжи баҳорда уйланадиган бўлдим. Тўй куни белгиланган, бироқ ҳали санъаткорлар айтилмаганди. Баайни ўша кезлар Фарғона вилояти филармонияси бадиий жамоаси гастрол сафари билан пойтахтга келди. Унинг сафида элга анча танилиб қолган лирик хонанда Нуриддин Ҳайдаров ҳам бор эди. Қўққисдан хаёлимга «Хизматга шу йигитни айтсам-чи?» деган фикр келди. Яхши ниятда у қўнган меҳмонхонани топиб бордим. Ўзимни таништириб, муддаога ўтдим.

– И-я, сиз Назармат ака билан бирга ишлайсизми? Унда жа-а омадингиз чопган экан, – деди Нуриддин газетамиз номини эшитиши биланоқ бирдан сергак тортиб. Аммо жавобимни кутмай, ёнидаги ёш йигитларга изоҳ берди. – Назармат ака ажойиб шоир! Қўшиқлариям анча. – Сўнгра яна менга юзланди. – Агар тўйингизда у киши ҳам қатнашса, албатта, бораман. Шу баҳонада отахон билан танишиб, бир-иккита шеърини сўраб оламан...

У лафзида турди. Салкам 300 чақирим йўл босиб, гуруҳи билан Қувадан Бекободга келди. Бу хабарни эшитиб, ҳовлимиз нафақат меҳмонлар, балки Нуриддиннинг ашаддий мухлислари билан ҳам тўлиб кетди. Тўй жуда чиройли ўтди. У тўрт соатдан ортиқ тинмай куйлади. Базм тугагандан сўнг алламаҳалгача Назармат ака билан эски қадрдонлардек гурунглашиб ўтирди.

Шу-шу, мен ҳам Нуриддин билан дўстлашиб қолдим. Кейинчалик гоҳида ютуқларидан беҳад қувонганига ҳам, гоҳида ҳар хил ноўрин таъна-маломатлардан қаттиқ ғам-изтироб чекканига ҳам кўп бор гувоҳ бўлдим.

У 1957 йил 1 августда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида яшовчи оддий деҳқон оиласида туғилганди. Муштдайлигидан санъатга қизиққани боис отасига «Рубоб олиб беринг», деб кўп хархаша қиларди. Тўрт қизнинг орасида биттагина арзанда ўғил бўлгани учун Усмон ака унинг истагини қондирди.

Қарабсизки, ҳадемай соз чалишни ўрганиб олган Нуриддин турли тантана ва байрамларда ўз даврида катта шуҳрат қозонган санъаткорларнинг, жумладан, Фахриддин Умаровнинг қўшиқларини куйлайдиган бўлди. Бешинчи синфга ўтган йили эса оила аъзолари билан бирга ота юрти – Қува туманидаги Акбаробод қишлоғига кўчиб борди. Ўша ерда ўрта мактабни битиргач, собиқ Фарғона Давлат педагогика институтининг тарих факультети мусиқа бўлимига ўқишга кириб, Имяминжон Қирғизов ва Мухторжон Тешабоев каби устозлардан сабоқ ола бошлади. Айнан ўша кезлар математика факультетида таҳсил кўраётган бўлғуси турмуш ўртоғи Манзурахон билан танишди.

Нуриддин илк бор 14 ёшида Ўзбекистон телевидениеси орқали бировнинг ашуласини куйлаган бўлса, 21 ёшида «Замондош» кўрсатувида ўз қўшиқлари билан чиқди. Катта саҳнага эса дастлаб 1979 йили – ардоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг ижодий кечасида қадам қўйди. Ўша оқшом «Юлдузим»ни жўшиб куйлади. Янги тарона тугаши биланоқ залда гулдурос қарсаклар янгради.

Ширали, жозибадор ва соҳир овозга эга ёш хонанда тез орада эл назарига тушди, санъат том маънода унинг ҳаёти мазмунига айланди. Шунга кўра, институтни тугатиб, Фарғона вилояти филармониясига ишга кирди. Бу жамоада олти йилдан зиёд ишлаб машҳур ҳофиз Таваккал Қодиров ва бошқалардан миллий қўшиқчилик сир-асрорларини, санъаткор одоб-ахлоқини обдон ўрганди. 1986–1993 йилларда эса Ўзбек давлат филармониясида яккахон хонанда сифатида фаолият юритди. Сўнгра то оламдан ўтгунига қадар Ички ишлар вазирлигида ишлади. Шунингдек, Тошкент олий ҳарбий техник билим юрти қошидаги ансамблга бадиий раҳбарлик қилди ҳамда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи вазифасини бажарди.

Муҳими, иши ҳарчанд кўп бўлишига қарамай, Нуриддин янги қўшиқлар яратишни ва куйлашни ҳеч қачон канда қилмади. Натижада ўзбек эстрада санъатининг юлдузларидан ва инсонлар қалбига яқин қўшиқлар ижрочиларидан бирига айланди. Соҳадаги самарали хизматлари эвазига «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» (1990), «Ўзбекистон халқ артисти» (2001) фахрий унвонлари билан тақдирланди. Шунингдек, «Она замин юлдузлари» (1997) фестивали совриндори бўлди. Бироқ умри қисқа экан, ижоди айни гуллаб-яшнаган, устоз санъаткорлар қаторидан жой олган бир паллада – 2004 йилнинг 3 октябрида юрак хасталиги туфайли вафот этди. Бу пайтда у эндигина 47 ёшга тўлган эди.

Нуриддин санъатнинг чинакам фидойиси бўлишидан ташқари, юксак инсоний фазилатларга ҳам эга эди. Аввало, хушхулқ, ширинсухан ва камтар-камсуқум йигит эди. «Мен халқ артистиман», деб катта кетмасди. Биров хафа қилса, аразлаб ёки кек сақлаб юрмас, ҳеч кимга ҳасад қилмасди. Ёрдамга муҳтожлардан ҳимматини аямасди. Одамларга қўлдан келганича яхшилик қилишга, ҳамманинг кўнглига йўл топишга, мухлислари дилини ранжитмасликка интиларди. Кимки хизматга айтиб келса, унинг истагини бажо келтириш пайида бўларди. Бировга ваъда берса, албатта, лафзида турарди. Ҳамкасблари, ижодкор ва зиёлиларни беҳад қадрлаб, ёш хонандаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватларди.

Табиийки, унинг ўзи эришган ютуқлардан ғоят қувонган дамлари ҳам, гоҳида ноўрин гаплару асоссиз таъна-дашномлардан асаблари қайнаб, тушкунликка берилган кунлари ҳам кўп бўлган. Бир гал ғалати воқеа рўй берди. Машҳур хонандалардан бири республика газетасида «Қўшиқ тақлидчилиги – иллат!» сарлавҳали мақола чоп эттирди. Унда ҳақиқий тақлидчилар бир четда қолиб, негадир ҳамюрти бўлмиш Нуриддин Ҳайдаровни нишонга олди. «У фалончининг нақ ўзи бўлиб куйлайди, ашулалари бир чақага арзимайди», деган мазмунда писанда қилди. Ҳолбуки, бу пайтда Нуриддин ўз овози ва услубига эга санъаткорга айланган, ўзи яратган қўшиқлари анча кўпайган, халқ орасида обрўси баланд эди. Уни отарчига менгзаган танқидчи ҳофиз эса негадир булар ҳақда тўхталмаган, фақат унинг аввалроқ устозлари усулида айтган бир-иккита қўшиғини қоралаганди.

Турган гап, панадан ногаҳон отилган маломат тоши ёш хонандага ўта салбий таъсир қилди. У юрагига заҳарли ўқдек санчилган нохолис танқиддан қаттиқ гангиб қолди. Назарида, устозлари ишончини оқлолмагандай, мухлислар меҳрини қозонолмагандай, ҳамма унинг устидан кулаётгандай туюлди. Алалоқибат, кайфияти бузилиб, анча вақт одамлар кўзига кўринмай юрди. Ҳатто бир муддат ижоддан кўнгли совиди ҳам.

Яхшиямки, иродаси мустаҳкам экан. Вақт ўтиши билан ўзини ўнглаб олди. Олдинги қўшиқларига қайтадан сайқал бериб, янги-янгиларини яратди. Ижодий бисотини айрича оҳанг, айрича жозибага эга ўнлаб ранг-баранг қўшиқлар билан бойитди. Мен у бемаврид маломатларга қандай дош бергани ва «башоратчи» ҳофизнинг ноўрин гумонларини қай тариқа чиппакка чиқаргани ҳақида мақола ёзиб, ўзим ишлаётган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилдим.

Нуриддиннинг яна бир ажойиб фазилати шу эдики, у баъзи «юлдуз»ларга ўхшаб ўзига ортиқча бино қўймаганди. Айниқса, жонажон дўстларидан меҳр-оқибатини аямас, ҳар қандай вазиятда ҳам улардан воз кечмас, бошига ғам-кулфат тушганларининг корига ярар эди. Масалан, анча йиллар бурун унга баднафс кимсаларнинг касофати уриб қамалиб қолган собиқ синфдошидан хат келади.

«Нуриддин, мени кечир, – деб бошланарди мактуб. – Тунов куни зонадагиларга оқибатини ўйламай, мақтаниб қўйибман. «Яралмиш» деган қўшиғингни радиодан эшитаётиб, «Бу йигит менинг қадрдоним бўлади», деб юборибман. Ишониш қайда? Масхаралаб устимдан роса кулишди. «Қачонлардир бирга ўқиган бўлса бордир, энди сендан юз ўгиргани тайин. Ахир, у эл кўзида юрган одам, сен-чи?.. Сен бор-йўғи бир жиноятчисан!» дея кесатишди. Эътироз билдиргандим, нозик жойимдан ушлашди. «Чин дўстинг бўлса, чақир, шу ерга келиб концерт берсин!» деган шарт қўйишди...

Нимаям қилардим, очиғини ёздим. Балки гапларим нафсониятингга тегар, «Энди куним келиб-келиб, қамоқхонада қўшиқ айтишга қолувдими?» дея ор қиларсан. Яна билмадим, эҳтимол, ўтинчимни инобатга оларсан, жилла қурса, шу томонларга йўлинг тушганда, бирров кириб ўтарсан...»

Йўқ, Нуриддин дўстидан ор қилмади, унинг илтимосини рад ҳам этмади. Қаршига борди. Ўша ерда «Правда Востока» газетасининг Қашқадарё вилояти мухбири бўлиб ишлаётган қадрдони, асли водийлик таниқли журналист Қодиржон Собировга учрашди. У орқали мутасаддиларга дардини айтди.

Кўп ўтмай, ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Нуриддин синфдоши жазо муддатини ўтаётган муассасада концерт берди. Ёмғир шивалаб турганига қарамай, очиқ майдонда ўттизга яқин қўшиқ айтди. Шу тариқа ҳам дўстининг юзини ёруғ қилди, ҳам ҳурликка интиқ қалбларни хушнуд этди. Қолаверса, қўшиқларини берилиб тинглаётган ва ҳазин ўйларга толган маҳбусларнинг юз-кўзларига разм солиб, уларнинг ҳаммаси ҳам ёмон одамлар эмаслигини, баъзилари билиб-билмай ёки адашиб, баъзилари кимларнингдир алдовига чув тушиб, хато йўлларга кириб қолганини, эндиликда бундан қаттиқ пушаймонда эканликларини англаб етди.

Яна бир гап. Нуриддин Ҳайдаров ҳар қандай шеър-ғазалнинг асл маъносини теран англаган ҳолда, ҳар бир сўзи ва ҳарфини ўрни-ўрнига қўйиб, сидқидилдан куйларди. Шу боис унинг қўшиқлари ёш танламас, барчани бирдек ларзага солар, ўксик дилларга малҳам бўларди. Қачон шу ҳақда ўйласам, қуйидаги воқеалар беихтиёр ёдимга тушаверади.

Ўшанда талаба эдим. Ижара уйда яшардим. Якшанба куни Собиржон исмли яккабоғлик курсдошим хонамга маъюс ҳолда кириб келди. Нима гаплигини сўрагандим, айтмади. Фақат чўнтагидан битта кассета чиқарди-да, «Буни ҳозиргина кўчадан сотиб олдим, магнитофонга қўйиб, бир эшитайлик», деди оғир хўрсиниб.

Зум ўтмай, хонада мунгли куй янгради. Сўнгра унга хонанданинг ғамгин-ҳазин овози жўр бўлди...

Йўқ, бу оддий қўшиқ эмасди, дард эди, нола эди. Унинг илк сатрлариёқ юрагимни зир титратиб, хаёлимни узоқ-узоқларга олиб кетди. Гўё Нуриддин эмас, ўзим куйлардим. Дилгир куз тонгида олис юртларга чоғланган турналар самода сокин қанот қоқар, мен эса кенг дала ўртасида хавотир аралаш қўл силкиб, уларни сафарга кузатардим. Бўрон-довуллар чарх ураётган денгизлар оша, ажал ўқлари дамо-дам визиллаётган жанггоҳлар узра беталафот учиб ўтишларини, келгуси баҳор яна диёримизга эсон-омон қайтиб келишларини сўрардим...

Нола авжига чиққанида хонада куй ва қўшиқ сел бўлиб оқди. Кейин бутун борлиққа зилдек жимлик чўкди. Рўпарамда эса ҳамиша кулиб, қувноқ-шодон юрадиган дўстим тош қотиб ўтирар, тинимсиз оқаётган кўз ёшларини тия олмай, унсиз йиғларди. Мен ҳаммасини тушундим: «Турналар» унинг яқинда афғон урушида шаҳид кетган аскар жиянини ёдига солиб, дардини янгилаганди.

Орадан саккиз йил ўтгач, такроран айни ҳолатнинг шоҳиди бўлдим. Фақат бу сафар торгина хилват кулбада ёш йигит эмас, муҳташам сарой саҳнасида сочлари қордек оппоқ кекса аёл йиғлади. Минг-минглаб одамларнинг кўз ўнгида Нуриддиннинг бўйнига осилиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Чунки Нуриддин ҳозиргина Қурбонали Бойболаев қаламига мансуб «Она умиди» номли янги қўшиғини маромига етказиб ижро этганди. Унинг хонишлари Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган жигарбандининг йўлларига салкам ярим асрдан буён ҳали-ҳануз кўз тутаётган онаизорнинг юрак-бағрини ўртаб юборганди...

Албатта, Нуриддининг шўх қўшиқлари ҳам кўп эди. Бундан ташқари, у миллий ва эстрада йўналишида ижод қилиб, Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, севгига вафо ва ўзаро меҳр-оқибат мавзусида ҳам талай қўшиқлар яратганди. Хонанда маҳорати ошгани сайин қамровни кенгроқ олиб, мумтоз шеъриятимизга ҳам мурожаат этди. Чунончи, Бобурнинг «Эй, моҳитобон», Фурқатнинг «Қачонгача?», Огаҳийнинг «Сенга», Хислатийнинг «Ўзинг» ғазалларини қўшиққа айлантириб, эл эътиборига ҳавола қилди.

Нуриддин Ҳайдаров санъат соҳасининг ҳақиқий жонкуяри, сермаҳсул ва серқирра ижодкор эди. Таъбир жоиз, бир қўшиғида ўзи куйлаганидек, эзгу ниятда катта йўлга чиққан карвон, баланд парвозга шайланган қанотлари толмас қуш эди. Шунданми, бўш вақти деярли бўлмасди. Кунда-кунора таклиф тушадиган тўйларда ёки катта-кичик концертларда дейсизми, Мустақиллик ва Наврўз байрами сингари улуғ айёмлар тадбирларида ёки Европа, Осиё ва Америка мамлакатларидаги гастролларда дейсизми, ҳаммасида иштирок этишга улгурарди. Ҳар доим сидқидилдан хизмат қилиб, дилкаш қўшиқлари, беғараз ҳазил-мутойибалари билан давраларга файз киритарди.

У касб-корини нечоғлиқ улуғласа, оиласини ҳам шунчалар қадрларди. Рафиқаси Манзурахонни мудом ардоқлар, ғамхўр ота, меҳрибон бобо сифатида олти нафар фарзанди ва уч нафар набирасини еру кўкка ишонмасди. Ҳаммасининг келажагидан умиди катта эди. Жумладан, «Элга манзур янги қўшиқлар яратсам, 75 йил яшасам, Ҳожиакбарим элга хизмат қилганини, кенжатойим Жасурбек таэквандо бўйича жаҳон чемпиони бўлганини кўрсам», деган гапни бот-бот такрорларди. Аммо...

Истиқлолимизнинг 13 йиллигига бағишланган байрам концерти Нуриддин Ҳайдаровнинг «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?» қўшиғи билан очилиши белгиланган эди. У бундан хурсанд бўлиб, репетицияларда фаол қатнашаётганди. Тантана бошланишидан бир кун олдин кечки пайт эса тўсатдан юрак хуружи тутиб, ётиб қолди. Оқибатда байрам куни саҳнага унинг ўрнига шогирди Бекмурод Жўраев чиқди.

Нуриддин Ички ишлар вазирлиги госпиталида даволанаётганида ҳам олдинроқ ўзи боришга сўз берган тўйларга Бекмуродни юборди. Охирги сафар уни Сурхондарёга кузатаётиб, «Қайтишингда менга Омонхона сувидан олиб кел!» деб тайинлади. Тайинлади-ю, эртаси куни бандаликни бажо келтирди.

Начора, у кейинги орзу-умидлари рўёбини кўролмади, лоақал сўнгги нафаси олдидан юртимизнинг шифобахш сувини тўйиб-тўйиб ичолмади. Бири кам армонли дунё деганлари, эҳтимол, шудир. Аммо бир таскин шулки, у беҳуда яшамади. Ўзидан зуваласи яхшилик, эзгулик ва меҳр-муҳаббат уруғи ила йўғрилган талай қўшиқлар, яъни бебаҳо хазина қолдириб кетди. Унинг халққа хизмат қилишдек савобли ишини эндиликда ўғли – ўзига хос истеъдод соҳиби Ҳожиакбар ҳамда меҳр-оқибатли шогирдлари изчил давом эттиришмоқда.

Абдунаби Ҳайдаров,

журналист.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг