Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда таҳқирланган шифокорлар. Прокуратуранинг тезкор жавоби, ИИБ раддияси ва «Xabar.uz» изоҳи...

Навоийда таҳқирланган шифокорлар. Прокуратуранинг тезкор жавоби, ИИБ раддияси ва «Xabar.uz» изоҳи...

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Куни кеча сайтимизда Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида «Тез ёрдам» шифокорларининг таҳқирланишига оид видеотасвир ва кулчадек мақола эълон қилиниши ортидан ижтимоий тармоқларда навбатдаги шов-шув юзага келган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг (яхши маънода) пайтавасига қурт тушди. Буни мақола чоп этилганидан бир неча соат (!) ўтиб, Бош прокуратура матбуот хизматининг сайтимизга йўллаган жавоби ҳам тасдиқлайди (бундан тезкорлик доим ҳам кузатилавермайди-да). Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов воқеликка қуйидагича ойдинлик киритади:

«2019 йил 31 октябрь куни соат 17:40да Учқудуқ туман Тиббиёт бирлашмаси «Тез тиббий ёрдам» бўлимига Пўлатов Элдор Элмуродович таниши Ҳикматов Камол Саидовичнинг соғлиги ёмонлашганлиги ҳақида хабар беради. Шунга асосан бўлимнинг навбатчи шифокори Н.Бобоқулов  ва навбатчи фелдшер У.Ражабов чақирилган манзил — Учқудуқ тумани Наврўз кўчаси 10-уй 4-хонадонга соат 17:45да етиб боради.

Тиббиёт ходимлари келганида маст ҳолатдаги К.Ҳикматов ухлаётган бўлган. Улар (тиббиёт ходимлари) келганидан сўнг К.Ҳикматов уйғониб, навбатчи шифокор Н.Бобоқулов эгнига тиббиёт халати устидан кўк рангли қишқи куртка кийганини кўриб «Нима учун оқ халатда эмассан? Нима учун мени оёғинг билан туртиб уйғотдинг?»  деб,  жанжал кўтаради. Жанжал вақтида К.Ҳикматов шифокор Н.Бобоқуловнинг кўкрак қисмига қўли билан бир маротаба уриб, Э.Пўлатов билан бирга ҳар-хил сўзлар билан шифокорни ҳақоратлаган.

Жанжал бўлаётганлиги тўғрисида туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспекторига соат 17:49да навбатчи фелдшер У.Ражабов телефон орқали хабар берган. Хабар асосида 3 нафар профилактика инспектори воқеа жойига келиб, жанжалга барҳам беришган. Маст ҳолатда бўлган К.Ҳикматов ва Э.Пўлатовлар туман тиббиёт бирлашмасининг реабилитация марказига олиб келиниб жойлаштирилган.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда.

Н.Бобоқулов, К.Ҳикматов, Э.Пўлатов, У.Ражабовлардан тушунтириш хати олиниб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Видеотасвир фелдшер У. Раджабов томонидан қўл телефонига олинган. Видеотасвирга олинаётганлиги тўғрисида туман ИИБ ходимлари хабари бўлмаган.

Воқелик Навоий вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган».

Демак, ҳаммаси жойида. Тегишли органлар ишга киришишибди. Яхши.

Кўп ўтмай сайтимизга Навоий вилояти ИИБнинг айни ҳолат  бўйича муносабати келиб тушди. Муносабат «раддия» дейилса-да, ундаги «...профилактика инспекторлари Э.Исломов, Ф.Пўлатов ва А.Исматуллаевлар воқеа жойига келиб, жанжалга барҳам беришган. Видео тасвирда ҳам Ички ишлар ходимини томошабин эмас, балки ҳолатни тўғри баҳолаб ундан сўнг тезкорлик билан ҳаракат қилгани акс этган...» жумлалари истисно этилса, матн прокуратура жавоби билан қарийб бир хил. Шу боис  вилоят ИИБ «раддия»сини эълон қилишга ҳожат йўқ, деб билдик. Бироқ икки оғиз гап айтмоққа эҳтиёж бордай.

Навоий вилоят ИИБ «раддия» орқали воқелик юзасидан ИИБ ходимлари жим ўтирмагани, балки керакли ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлаб, бу билан тармоқларда тарқалган «ИИБ жим?!»  мазмунидаги иддаоларни инкор этаётир. Бу энди тушунарли: инкор осон, иқрор қийин... Келинг, бўлиб ўтган воқеаликка яна бир қур назар ташлайлик.

Воқеа жойига профилактика инпекторлари етиб келишгани тўғри. Бу ҳол тасвирда кўриб турибди. Аммо уларнинг асосий вазифаси «жанжалга барҳам бериш»дан кўра, унинг ОЛДИНИ ОЛИШ эмасмиди?! Тасвирларга яна бир карра қаранг: инспекторлар хонага кириб келганда «бемор» Қ.Ҳикматов шифокорни мазах қилиб турганди.  У («бемор») ички ишлар ходимларини кўриб, хушёр тортиш у ёқда турсин, ҳатто парво ҳам қилгани йўқ! Аксинча, «баттар авжига чиқиб», шифокорга нисбатан куч ишлатади. Шу жараённинг ўзи ИИБ ходимлари «вазиятни тўғри баҳоламагани», агар ростдан ҳам (вазиятни тўғри баҳолаб) «тезкор ҳаракат қилишганида» шўрлик шифокор калтак емаган, зўравонлар эса дарҳол тегишли жойга олиб кетилмасмиди?!

Иккинчидан, воқеликдан жабр кўрган шифокор ўша кун (31 октябрь) кеч соат 20.00 атрофида туман марказий шифохонасига мурожаат қилган. Унинг мурожаати тегишли қайддан ўтказилиб,  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган. Бироқ кеча — 1 ноябрь куни соат 14.00гача жабрланувчи ҳузурига бирорта ходим келмаган. Энди айтинг: ўтган 18 соат соат давомида жабрланувчидан хабар олмаганиниям «тезкор ҳаракат» деб бўладими?!

Яна бир гап.  Воқелик юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган дастлабки маълумотларга кўра, ўша пайтда  «...Хонадонда аслида бемор бўлмаган, на хонадон эгалари, на маст ҳолатдаги шахслар томонидан касаллик ҳақида мурожатлар қилинмаган».  Бу маълумот  «раддия»даги «...Ҳикматов Камол Саидовичнинг соғлиги ёмонлашганлиги ҳақида» берилган хабар ёлғонлигини тасдиқлайди. Демак, Учқудуқда шундай зўравонлар пайдо бўлибдики, ароқ ичиб, маишат қилишар экан, кўнглхўшлик учун «Тез ёрдам» чақириб, шифокорларни мазах, калака қилишдан, олдида ички ишлар ходимлари турганига қармай (!) куч ишлатишдан ҳам тойишмас эканда! Вилоят ИИБ масъуллари тасвирларда яққол кўриниб турган ҳолатларни икор этиш ўрнига, шунақа зўравонларнинг танобини тортиб қўйиш ҳақида кўпроқ бош қотирса, мақсадга мувофиқ бўларди.

«Xabar.uz» воқелар ривожини кузатиб боради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг