Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийда томорқасида гиёҳванд ўсимликлар етиштирган шахслар ушланди

Навоийда томорқасида гиёҳванд ўсимликлар етиштирган шахслар ушланди

© Google

Навоий вилоятининг Хатирчи ҳамда Навбаҳор туманида яшовчи фуқароларнинг ўз томорқасида йирик миқдорда гиёҳванд ўсимликлар етиштириб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёз Қосимов маълум қилмоқда. 

Билдирилишича, Хатирчи туманининг Деҳқонобод маҳалласи фуқароси - 50 ёшли  эркак мўмай даромад топиш мақсадида ўз томорқасида марихуанна ўсимлигини етиштириб келган. Туман ички ишлар бўлими тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув бўлинмаси ходимлари томонидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида унинг томорқасида 168 туп нам ҳолатдаги гиёҳванд ўсимлиги борлиги  аниқланган. 23 кг 300 гр вазнга эга яшил рангли ўткир ҳидли марихуанна холислар иштирокида ҳужжатлаштирилган. Бундан ташқари, унинг ичкари ҳовлисидан қопда 45 гр, томорқа экинлари орасидан 215 грамм қуритилган гиёҳванд ўсимликлар борлиги ҳам аниқланган.  

«Ҳосилнинг бир қисмини йиғиштириб олгач, ерга яна янги уруғ қадаган гумонланувчи ўз қилмишининг ошкор бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Худди шунингдек, назорат тадбири давомида Навбаҳор туманининг Чорвоқгузар маҳалласида яшаб келаётган аёлнинг ҳам ўз хонадони ҳовлисида 19 туп каннабис парваришлаб келгани аниқланди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ашёвий далиллар холислар иштирокида расмийлаштириб олинди»,-деди Фаёз Қосимов. 

Айни пайтда гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг