Неча ёшгача кредит берилади? Марказий банк жавоб беради

Кредитлаш фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида қарз олувчиларнинг ёшига доир чекловлар, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича Республикада олиб борилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан кредит олиш учун хизмат кўрсатувчи тижорат банкига қандай ҳужжатлар топшириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилган эдик.
Марказий банкдан тасдиқлашларича, бугунги кунда кредитлаш фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида қарз олувчиларнинг ёшига доир чекловлар белгиланмаган.
Ўзбекистан Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунига асосан, банклар юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилади ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит беради.
Ушбу кредитлар бўйича фоиз ставкалари ва воситачилик ҳақи миқдори банклар томонидан мустақил белгиланади.
Кредит гарови учун қандай талаблар бор?
Тижорат банклари ўзлари билан доимий равишда алоқага эга, банк ҳисоб-варағида мунтазам пул оқими мавжуд, яхши обрў ва кредит тарихига эга бўлган қарз олувчиларга мазкур ушбу таъминот турларидан бирини талаб қилмай, бланкли (ишончли) кредит бериш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан, ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлик бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикасининг «Гаров тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасига асосан гаровга кўйилаётган мол-мулк суғурта қилиниши лозим.
Бир шахснинг бошқа бир шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади. Гаров шартномаси ёзма шаклда тузилади ва унда гаров нарсаси ва унинг баҳоси, моҳияти, миқдори, гаров билан таъминланадиган мажбуриятнинг бажарилиш муддати кўрсатилган бўлади. Ипотека тўғрисидаги шартнома, шунингдек, нотариал тасдиқланиши керак бўлган шартномага мувофиқ, олинадиган мажбуриятларни таъминлаш юзасидан кўчар мулк ёки кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома нотариал тасдиқланиши шарт.
Кредит таъминотига кўйиладиган талаблар нималардан иборат?
Кредитлар (активлар) бўйича таъминот ҳисобланувчи гаров банк томонидан кредитни қоплашнинг асосий манбаи деб ҳисобланмаслиги керак. Гаров кредитни тўлашнинг иккиламчи манбаи деб қаралиши керак.
Хавфсиз ва ишончли фаолият андозаларига мувофиқ тарзда банклар гаровни кредитни қайтаришнинг воситаси деб ҳисоблаган ҳолда кредит бермасликлари керак. Кредит (актив) бўйича олинган гаровни таҳлил қилишда банк гаровнинг ликвидлигини эътиборга олиши лозим. Шунга мувофиқ, равишда банк асосий қарз суммаларининг қайтарилишини ва гаровни сотишдан олинадиган фоизларни баҳолаши керак.
Активларнинг ликвидли таъминотига қуйидагилар киради:
— Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг сўзсиз кафолати;
— Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг сўзсиз кафолати;
— банкларда очилган ҳисоб-варақаларда эркин айирбошланадиган валюта шаклидаги гаров;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қимматли қоғозлари шаклидаги гаров;
— андозавий қимматбаҳо металлар шаклидаги, яъни олтин ва кумуш қуймалари шаклидаги гаров.
Қуйидаги активлар эса ноликвид таъминотга эга деб ҳисобланади:
— кўчмас мулк, ўзлаштирилган ва ўзлаштирилмаган ерга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олган ҳолда;
— кўчар мулк;
— хусусий корхоналарнинг қимматли қоғозлари;
— юридик ва хусусий шахсларнинг кафолатлари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter