Одоб
Таниқли адабиётшунос олим Нурбой Жабборов «Миллат сийрати мусаввири» мақоласида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидан қуйидаги иқтибосни келтиради: «Кумуш уялиб зўрғагина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг елкасига тегизиб олған қўлини ўпди:
– Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, – деб қўлини дуоға очди».
Бу кўчирмада муҳим икки нуқта мавжуд. Биринчиси – улуғ адиб «Марғилонда ҳам» деб, биргина уч ҳарфдан иборат юкламани қўллаш орқали Юсуфбек ҳожининг оталарча адолатига ишора қилмоқда. «Ҳам» юкламаси замирида ғоят катта маъно бор. Борди-ю у тушиб қолса, маъно бутунлай тескари бўлиб кетади. Бу билан ҳожи Кумушга иззат кўрсатиш баробарида Зайнабнинг ҳам ҳурматини жойига қўймоқда.
Кўп ташкилотларда маънавий соат дарсларини олиб бораман. Тингловчиларга Юсуфбек ҳожи марғилонлик келини билан учрашганида нима деганини сўрайман. Ҳар ўн кишидан тўққизтаси, баъзида ўнтаси «ҳам»га эътибор бермаган бўлади.
Иккинчи нуқта: Юсуфбек ҳожи Кумушнинг пешонасига теккан қўлини ўпишидир – бу чинакам миллий, одобий урф, тобора унутилиб бораётган удум. Қадим-қадимдан оталар ўз қизларига, келинларига бўлган меҳрларини шу тарзда намоён этганлар.
(«Сиз ёзмаган китоб»дан)


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter