“Оловлар юрти – Озарбайжон”

Жорий йил 12 март куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Оловлар юрти – Озарбайжон» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб тақдимоти Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номли Маданият маркази ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ташкил қилинди. Китоб муаллифи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси Шарофиддин Тўлаганов.
Маълумки, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданияти маркази ҳар йили ўзбекистонлик журналистлар учун Озарбайжонга пресс-тур ташкиллаштиради. Шарофиддин Тўлаганов ана шу сафарлар давомида олган таассуротларини жамлаган ҳолда ушбу китоб дунё юзини кўрди. Китобда муаллиф Озарбайжон тарихи ва бугуни ҳақида кўплаб маълумотларни қаламга олган.
Тадбирда сўз олган Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, шоир ва ёзувчи Тўлқин Эшбек, «Ўзбекистон 24» радиоси директори Худойназар Дўстқобилов ва бошқалар ўзбек журналистининг мазкур китоби икки мамлакат ҳалқлари ўртасидаги дўстликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди. Дарҳақиқат, икки юртнинг шоирлар, адиблар ҳамда давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстлик ўзбек ва озарбайжон халқларини янада яқинлашишига, ўзаро ҳурмат ва эътиборни кучайишига мустаҳкам замин яратиб келмоқда.
– Озарбайжонга борганимизда бу юртнинг маданият маркази, мусиқа ва санъатининг бешиги бўлган Шушадаги уруш натижасидаги вайронгарчиликларни ўз кўзимиз билан кўрдик, – дейди Шарофиддин Тўлаганов. – Бир халқнинг тарихию маданиятини йўқ қилиш учун барча разилликлар қилинган. 1992 йилнинг 7-8 май кунлари 250 йиллик тарихга эга бўлган Шуша шаҳри ер юзидан деярли супириб ташланди. Шаҳарни оккупация қилиниши оқибатида 23 мингдан ортиқ озарбайжонлик киндик қони тўкилган маконлардан ҳайдаб чиқарилган. Ўша йилнинг 12 майидан бошлаб қуролли гуруҳлар шаҳардаги тарихий-меъморий, санъат ёдгорликларини бузиб ташлаган. Аммо ҳозирда озарбайжонлик қардошларимиз матонати билан Шуша қайта тикланмоқда. Уруш ўз номи билан уруш у ҳеч кимни, ҳеч нарсани аямайди. Шу сабабли ҳам ҳеч қачон уруш бўлмасин. Китобда мана шу воқеалар ҳам баҳоли қудрат сўз юритишга ҳаракат қилганман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter