Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Омбудсман лавозими учун номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштириляпти

Омбудсман лавозими учун номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштириляпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқ, Президентга, Олий Мажлис палаталарига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасига «махсус маъруза» тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажарилиши юзасидан «муқобил маъруза» тайёрлаши ҳамда тегишли ҳалқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган) бекор қилинмоқда. Қолаверса, Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда, (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.

Ушбу қонун лойиҳаси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, соҳага оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда.

Хусусан, Омбудсман фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлиги аниқлаштирилмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятининг ошишига, унинг ҳуқуқлари кенгайтирилишига ва мажбуриятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади. 

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг