Оқ уй ҳудудида бункерсимон баллар зали қурилади
АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда қурилаётган янги бункерсимон баллар зали ҳақида тафсилотларни маълум қилди. Унинг айтишича, бинонинг том қисмида дронлар базаси, олти қаватли ерости мажмуасида эса ҳарбий шифохона бўлади, деб ёзмоқда «Reuters».
Трамп журналистлар гуруҳини объект бўйлаб экскурсияга олиб чиқди. У шу орқали АҚШ Конгресси Оқ уй хавфсизлигини кучайтириш учун 1 млрд доллар ажратиши кераклигини асослаш ниятида.
Демократлар ва айрим республикачилар бу сўровни ортиқча дабдаба деб баҳоламоқда. Улар америкаликлар бензин нархининг кескин ошиб кетиши ва Эронга қарши уруш оқибатларидан азият чекаётган бир пайтда бундай харажатни маъқулламаслигини билдирмоқда.
Трампнинг маълум қилишича, майдони 90 минг квадрат фут (8,3 минг кв.метр — таҳр), бўлган янги баллар зали XVIII аср охирида қурилган Оқ уй биносидан анча катта бўлиши кутилмоқда.
Айтилишича, зал 1000 кишилик йирик тадбирлар учун зарур, чунки ҳозирги Оқ уй қабул хоналари бунча одамни сиғдира олмайди. Трамп Вашингтондаги меҳмонхоналардан биридаги тадбирда унга нисбатан содир этилган суиқасдга уринишдан кейин бу ғояни фаол илгари сура бошлаган. Трампнинг фикрича, янги зал анча хавфсиз жой бўлади.
Бу тўғридан-тўғри ҳужумга бардош бера оладиган мустаҳкам томга эга бункерсимон иншоот бўлади.
Трампнинг сўзларига кўра, зални ўраб турадиган титан тўсиқлар шунчалик мустаҳкамки, «уни бульдозер ҳам ағдара олмайди». Шунингдек, том қисми «ўқ ўтмас пўлат»дан қурилади.
Зал остида олти қават чуқурликка тушувчи ерости мажмуаси бўлади. Ҳозирда унинг икки қавати қурилиш босқичида.
Ерости мажмуасида ҳарбий шифохона ва илмий тадқиқот объектлари жойлашади. Бироқ тадқиқотлар қайси йўналишда олиб борилишига аниқлик киритилмаган.
Иншоотнинг том қисмига «чексиз сондаги дронлар учун мўлжалланган» дрон базаси ўрнатилади. Ойналар эса тўрт дюйм (10 см) қалинликдаги махсус шишадан тайёрланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter