Орзу қилишга қўрқадиган йигитга маслаҳатлар
«Менинг ёшим 21 да. Ўзимни омадсиз, деб ҳисоблайман. Уч йилдан буён ўқишга кира олмаяпман. Ҳаётимни эса олий маълумотсиз тасаввур қилишим қийин. Бирорта машғулот билан шуғулланай десам, сабрим, иродам етмайди. Баъзан орзу қилишга ҳам қўрқаман. Одамлар орасида юрганимда ўзимни гуноҳкордек ҳис этаман. Ўзимга ишончим қолмади. Бу вазиятдан чиқиш учун қандай йўл тутай? Мавлон».
Бу укамиз ҳаётидаги энг катта орзу сифатида ўқишга киришни мақсад қилиб қўйган. Худди бошқа мақсадлар муҳим бўла олмайдигандек. Демак, унинг наздида ўқишга кирса омадли, кира олмаса омадсиз бўлади. Савол эгаси бутун диққат-эътиборини шунга қаратиб қўйган ва ўзи учун қоида яратиб олган. Бу ҳодиса психологияда «бахтни максималлаштириш» дейилади. Ўқишга кирмаяптими, демак, ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўляпти. Ваҳоланки, ўқишга кира олмаслик бахтсизлик эмас.
Йигит иродасизлик туфайлими, қўрқув ёки мақсадни тўғри қўймаганликданми, хуллас, нимадир сабаб бўлиб, ўқишга кира олмаяпти. Тўғрироғи, мақсадини амалга ошириш йўлида шарт-шароитлар етарли даражада яратилмаяпти. Энг аввало, ана шу шароитларни яратиш зарур. Зеро, қанчадан-қанча ёшларимиз ўзига ишониб, иродаси, ғайрат-шижоати билан ўқишга кириб кетишмоқда.
Маслаҳатим: энг аввало, қайси шароит ўқишга киришингизга тўсқинлик қилаётганини аниқланг. Иккинчидан, ўқишга кира олмаслик – бахтсизлик деган тушунчани миянгиздан чиқариб ташланг. Ўйлаб кўринг: балки сиз уч йилдан бери бир хил хатони такрорлаётгандирсиз? Атрофдаги одамларни кузатинг, таҳлил қилинг. Бир неча йил интилиб, кейин талаба бўлган инсонлар билан суҳбатлашинг, уларнинг маслаҳатларини олинг. Ана шунда хатоларингизни топишингиз осон кечади. Хато топилгач эса, ихлос ва ишонч билан унинг ечимини излаш керак. Мисол келтираман: дунёга машҳур бир баскетболчи бор. У саватга 660 марта копток тушириб, йилнинг энг яхши спортчиси бўлишга эришган. Лекин, энг қизиғи, бу спортчи йилнинг энг кўп хато қилган одами деб ҳам эътироф этилган. Демак, хато қилишдан қўрқишнинг кераги йўқ.
Хато қилдим – мақсадимга эриша олмайман, ўқишга киролмадим – бахтсизман, дейишга шошилмаслик керак. Мақсаддан оғишмай, кўнгилни чўктирмай, олдинга қараб юриш, кучингиз етмаётган бўлса, ён-атрофдаги ютуққа эришган одамлардан ёрдам сўрашингиз энг тўғри йўл бўлади.
(«Гўзал ҳаёт тилсими» китобидан)


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter