Ўсимликлар карантини агентлигида миллиардлаб сўмлик коррупцион схема фош этилди
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимида тадбиркорлардан пул ундиришга асосланган коррупцион схема фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилишича, тезкор-қидирув тадбирлари давомида агентликнинг айрим масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари учун импорт ҳужжатларини расмийлаштиришда норасмий «ставка»лар белгилаб олгани аниқланган.
Тезкор тадбирда фуқаро Г.У. агентликда ишловчи танишлари орқали Туркиянинг «Y.T.» компаниясини хорижий экспортёрлар реестрига киритиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширувда Г.У. ва агентликнинг бош мутахассиси М.Г. тил бириктириб, «S.S.» МЧЖ учун Россиядан ёғоч ва Туркманистондан помидор импорт қилишда карантин рухсатномасини расмийлаштириб бериш эвазига 2,9 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олгани ҳам аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, Г.У.га тегишли икки банк картаси орқали фуқаролардан Р2Р шаклида 10,9 миллиард сўм маблағ келиб тушган. Унинг 6,1 миллиард сўми нақдлаштирилиб, агентликнинг масъул ходимларига берилгани, 3,1 миллиард сўми эса шахсий эҳтиёжлар учун сарфлангани маълум бўлган.
Шунингдек, агентлик ва унинг қуйи ташкилотлари ғазна ҳисоб рақамларига тушган 91,7 миллиард сўмлик тўловлар таҳлил қилинганда, 14,9 миллиард сўм 759 нафар фуқаронинг пластик карталари орқали амалга оширилгани аниқланган. Уларнинг 174 нафари агентлик тизими ходимлари, 34 нафари эса уларнинг яқин қариндошлари экани маълум қилинди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter