Ўйинчоқлар ишлаб чиқарувчи ўзбек-хитой қўшма корхонаси тузилади
Бугун, 24 май куни Тошкент шаҳрида «Болаларнинг барвақт ривожланишида инновацион ёндошувлар» деб номланган биринчи ўзбек-хитой форуми бошланди.
Форум мактабгача таълим соҳаси ва ўзбек тадбиркорларининг ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш мутахассислари билан Хитой Халқ Респуликаси бизнес вакиллари ўртасидаги тажриба алмашинуви учун самарали майдон бўлди. Тадбир доирасида ривожлантирувчи ўйинлар, ўйинчоқлар ва ўйин ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-хитой қўшма корхонасини ташкил этиш имконияти муҳокама этилди.
«Мактабгача таълим вазирлиги делегацияси ўзининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида мактабгача ёшдаги болалар учун ўйинлар, ўйинчоқлар ва дидактик материаллар кўргазмасида ҳам иштирок этди. Агар ушбу корхона фаолияти йўлга қўйилса, боғчаларимизни сифатли ва хавфсиз ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқларнинг кенг ассортименти билан таъминлаб беради», — деди ўз маърузасида Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин.
Вазирлик ва идоралар, Сун Циплин номидаги жамғарма, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, давлат ва хусусий, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган боғчалар раҳбарлари иштирок этган ушбу анжуман доирасида Хитойда мактабгача таълимнинг ривожланиши, математика билимларини ўзлаштириш мониторинги ва жамоада ишлаш қобилиятининг шакллантирилиши масалаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter