Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озарбайжон президенти Қорабоғда стратегик иншоот қурилиши режасини очиқлади

Озарбайжон президенти Қорабоғда стратегик иншоот қурилиши режасини очиқлади

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бу йил Қорабоғ ҳудудида иккинчи аэропорт қуриб фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Бокуда ўтказилган Ёшлар форумида гапирди.

«Жорий йилда Зангилан аэропорти очилади. Бу билан ёшлар учун ҳам янги иш ўринлари яратилади. Зангезур коридори бўйича инфратузилма лойиҳалари давом эттирилади. 2023 йилда эса темир йўл тармоғи Арманистон чегарасига қадар етказилади», – деди Илҳом Алиев.  

Озарбайжон раҳбари Тўртинчи саноат инқилоби доирасидаги янгиликлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлаб, Қорабоғ ҳудудида ҳам «Ақлли шаҳар», «Ақлли қишлоқ» лойиҳалари жорий этилаётганини қайд этди. Йил давомида ҳудудда 5 та янги электр станцияси ҳам фойдаланишга топширилади. 

Эслатиб ўтамиз, Қорабоғ ҳудуди салкам 30 йил давомида ишғол остида бўлган. Озарбайжон армияси 2020 йили Арманистон билан 44 кунлик уруш давомида оккупация қилинган тарихий ҳудудларини қайтаришга муваффақ бўлди. Айни пайтда ҳудудда тиклаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

И.Алиевга кўра, бу йил Оғали қишлоғини бошдан-оёқ қурилиши якунланади ва чорак аср аввал уруш туфайли бошпанасини тарк этган аҳоли яна она қишлоғига қайтади. Озарбайжон президенти Оғали қишлоғини барпо этиш лойиҳаси рамзий мазмунга эга эканини қайд этган. 

Жорий йил давомида очилиши кутилаётган Зангилан аэропорти пойдевори 2020 йил апрель ойида қўйилган. Мазкур стратегик иншоот Қорабоғда янгидан барпо этилган иккинчи ҳаво бандаргоҳидир. Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 26 октябрь куни Фузулий халқаро аэропорти Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан очиб берилган эди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳам янгидан тикланаётган Қорабоғ ҳудудида қардош Озарбайжон халқига туҳфа сифатида мактаб қуриб бермоқда. Президент И.Алиев бунинг учун Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган эди.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг