Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекнинг Лондонда намоён бўлган орияти

Ўзбекнинг Лондонда намоён бўлган орияти

Иллюстратив фото

Лондонда кечган ажойиб кунларнинг бирида Эркин ака телефон қилиб қолди. «Бунёд, ҳужжат билан боғлиқ ишлар бор, вақтинг бўлса бирга бориб келайлик», деди. Дам олиш куни эди, рози бўлдим, шу баҳона Лондоннинг хали кўрмаган жойларини ҳам кўриш иштиёқида бирга йўлга чиқдик.

Шу ўринда Эркин акага қисқача таъриф берай, ўша кунгача Эркин ака мен учун кўнглига нима келса қиладиган, миясига нима келса гапирадиган, оддий қишлоқда катта бўлган чапани инсон эди. Лекин сафарда ҳамроҳингнинг ҳеч ким илғамаган қирраларини кашф этар экансан.

Тўқ жамият. Британияда одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам бизга нисбатан анча тўқ. Тўкин-сочинликда яшайди. Тўқчилик қурсин, кўчада кетаётган ит мушукка қарамайди, мушук сичқонга қиё боқмайди. Чунки уларни махсус тайёрланган озиқ-овқатлар билан боқишади. Натижада ўз хусусиятини йўқотиб борса керак. Ит итлигини, мушук мушуклигини ҳис қилмайди. Тўқчилик сабаб ҳатто баъзи (бу ерда инсон ёки одам сўзи бўлиши мумкин эди)лар ҳам хусусиятини йўқота бошлаган.

Хуллас одатдагидек ёмғирли ҳавода метрога тушдик, бекатда (ер остида) барча қитъадан одамлар бор, лекин ҳаммаси умумий қоидаларга амал қилади. Навбатлар баъзан бир неча юз метргача узайиб кетади, лекин инсонлар (келинг, буларни инсонлар дейлик) сабр билан, бир-бирига хушмуомалалик билан кутишади. Агар кимдир қовоғини солиб юрса, нимадан хафалигини, ёрдам беришга тайёрлигини айтишади. Энг кўп ишлатиладиган сўз «sorry», ҳатто бу сўзни сеҳрли сўз ҳам дейишади. 

Манзилга яқин бекатдан чиқсак, оломон байрам кайфиятида ўйин-кулгу қилиб қоронғу кўча томон кетаяпти. Эркин ака «кел, бир чигилни ёзайлик», деб оломон ичига ўзини урди. Йиғилганлар ҳам Эркин акани қучоқ очиб кутиб олди. Ўйин-кулгу борган сари авж олмоқда. Аввалига одатий карнаваллардан бири бўлса керак, деб ўйладим. Кейин улар кўтариб олган плакатлардаги «палакат» ёзувларга қарадим. ДАҲШАТ! Ўз хусусиятини йўқотганлар паради экан.

...Эркин акани огоҳ этиш мақсадида елкасини қоқдим. Кўзларини юмган ҳолда ўйнаётган ўзбек акамиз «қочей» дея қўлимни қайтариб ташлади. Анча пайт бундай шавқ билан ўйнамаган шекилли, ҳеч тўхтагиси келмас эди. Ниҳоят мусиқа тугади. Эркин ака ҳам ўйиндан тўхтади. Шунда унга хусусиятини йўқотганлар паради эканлигини айтдим. Шунда унинг юзидаги ўзгаришни кўрсангиз эди. Бир неча сонияларда бошқа одамга айланди, қолди. Энди улардан жирканар, бирор жойи тегиб кетмаслиги учун бор эҳтиётини қилар эди. Ўнг томонга ёруғ кўчага чиқиш учун уринаётганда, гўё уларни қўли билан ушласа кир бўлиб қоладигандек, оёқлари билан чеккага суриб йўл очар эди...

Қайтишда музейга айлантирилган «Tower of London»га кирдик. У ерда кўҳинур олмоси сақланади. Гид хоним олмос ҳақида гапирар экан, Ҳумоюн Мирзони тилга олди.

Тарихдан маълумки, Ҳумоюн Мирзо рожанинг қизини қутқаргани учун ёш рожанинг онаси унга кўҳинур олмосини ҳадя қилади. Бу унинг орияти учун берилган юксак баҳо эди.

...Кўп нарсалар солиштирганда билинади. Ўзларини ўта маданиятли ҳисоблайдиганлар орасида ўзимизнинг оддий қишлоқда катта бўлган чапани акамиз ўзбекнинг юксак маданиятини, орияти кўрсатган эди. Бир пайтлар кўҳинур Ҳумоюн Мирзонинг орияти, ғурури учун муносиб кўрилган бўлса, ўшанда Эркин ака бунга муносиб эди. Тож билан олиб унинг бошига кийдирган бўлар эдим.

Келажакда дунё жамоатчилиги ўзбек ўғлонлари илми, одоби ва инсоний ориятига холисона баҳо бериб, кўҳинурни айнан бизга муносиб кўрса, ажабмас!

Бунёд Абдуллаев, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг