Ўзбекистон германияликларда қай жиҳатдан қизиқиш уйғотмоқда? Элчи Тило Клиннер аниқлик киритди

Германия элчиси Тило Клиннер.
6 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан видеомурожаат йўллаган Германиянинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер икки томонлама ҳамкорлик ҳолатига баҳо берди.
«Иқтисодий соҳадаги ютуқларни алоҳида мамнуният билан қайд этишни истардим. Кўплаб қийинчиликлар, жумладан, пандемияга қарамай, савдо алоқаларимиз яхшигина ривожланди. GSP+ мақоми орқали Ўзбекистон Европа бозорига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари эндиликда Европада бож тўловларисиз сотилиши мумкин. Пахта теримида корхоналар томонидан қўлланган болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этишда Ўзбекистон сезиларли ютуқларга эришди», – дейди дипломат.
Қайд этилишича, германиялик сармоядорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортмоқда. Бу борада 2021 йил охирида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида 100 кишили делегациянинг Франкфурт ва Мюнхенга ташрифини эслаб ўтиш жоиз.
«Инсонлар учун адлия соҳасидаги ислоҳотлар устида ҳам биргаликда ишламоқдамиз. Ҳуқуқий давлат қуриш – рақобатбардош ҳамда муваффақиятли давлат барпо этишда муҳим талаблардандир. Биз Ўзбекистонни кўп соҳаларда, профессионал ва олий таълим бўйича ҳамкорлик ҳамда барқарор ривожланиш асосида модернизацияга қаратилган саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлаймиз», – дейди олмон элчиси.
Дипломат пандемия тугагач, Ўзбекистонга Германиядан кўп сонли сайёҳлар келиши кутилаётганини ҳам маълум қилган.
«Ўзбекистон кўплаб германияликларда ўзининг бой маданияти, Буюк ипак йўлининг маданий ва иқтисодий маркази сифатида алоҳида қизиқиш уйғотади. Аминманки, пандемия тугаши билан янада кўплаб германиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф буюради», – дейди Тило Клиннер.
Германия мамлакатимиз мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган, 1992 йил 6 март куни ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатилган.
Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари орасида асосий савдо-иқтисодий ҳамкори саналади. Кейинги йилларда ўзаро савдо айланмаси қарийб 60 фоизга ўсди. Ўзбекистонда Германия сармояси иштирокидаги 200 га яқин корхона фаолият юритмоқда. MAN, Claas, Knauf, Papenburg, Volkswagen, Viessmann, Siemens, Bosch каби машҳур ширкатлар билан лойиҳалар амалга татбиқ этилмоқда.
Ўсиб бораётган савдо-иқтисодий муносабатларда, шубҳасиз, тил омили ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон мазкур тилни ўрганувчилар сони бўйича Осиёда етакчи саналади. Ҳозирда юртимиздаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса мазкур тил бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Олий ўқув муассасаларида Гёте тилини ўрганаётганлар сони 19 мингни ташкил этади.
Германия пандемия оқибатларини енгиш бўйича халқаро ташаббусларни илгари суриб, жаҳон мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, Германия кўмаги билан мамлакатимизга коронавирусга қарши вакцинанинг йирик партияси етказиб берилди. Расмий Берлин Ўзбекистонга пандемияга қарши кураш доирасида молиявий кўмак ҳам ажратди.
Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда олий даражадаги ташрифлар муҳим аҳамият касб этади. 2019 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев Германияга сафар қилган. Ўша йилнинг май ойида Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер юртимизда меҳмон бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter