Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Грузия туризмни медиа орқали биргаликда тарғиб қилади

Ўзбекистон ва Грузия туризмни медиа орқали биргаликда тарғиб қилади

Фото: Gov.uz

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги делегациянинг Грузияга расмий ташрифи доирасида Грузия Жамоат телерадиокомпанияси Бош директори Тинатин Бердзенишвили билан учрашув бўлиб ўтди.

​Мулоқотда икки мамлакатнинг туристик салоҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, қўшма медиа лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ахборот соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

​Томонлар Ўзбекистон ва Грузиянинг бой маданий мероси, кўп асрлик тарихи, миллий таомлари, бетакрор табиати, виночилик анъаналари ҳамда Буюк Ипак йўли цивилизациясига оид меросини халқаро аудиторияга таъсирчан медиа маҳсулотлар орқали намойиш этиш муҳимлигини қайд этдилар.

​Учрашув давомида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби машҳур туристик марказлар, шунингдек, Буюк Ипак йўли йўналишларини тарғиб қилишга қаратилган махсус теледастурлар, ҳужжатли фильмлар, репортажлар ва замонавий рақамли видеоконтентлар тайёрлаш имкониятлари кўриб чиқилди. Бундай лойиҳалар икки мамлакатнинг туристик брендини халқаро майдонда янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

​Шунингдек, грузиялик журналистлар, телевидение ижодий гуруҳлари ва машҳур блогерлар учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-турлар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар туристик мавзудаги видеоматериаллар, телелойиҳалар ва кўрсатувлар алмашинувини йўлга қўйиш, уларни миллий телеканаллар ҳамда рақамли платформалар орқали ўзаро тарғиб қилиш масаласида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

​Шу билан бирга, туризм форумлари, халқаро кўргазмалар, маданий фестиваллар ва бошқа йирик тадбирларни биргаликда ёритиш орқали икки мамлакатнинг туристик жозибадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг