Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси 13 бандга юқорилади – ИТИМ

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) республика бўйича тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида жорий йилнинг май ойи учун бизнес муҳити таҳлилил натижаларини тақдим этди. ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда бизнес климати иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида яхшиланган. Энг катта ижобий ўзгаришлар саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида кузатилган. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида сезиларли ўзгаришлар қайд этилмаган бўлиб, бу сектор барқарор ҳолатда қолмоқда.
Май ойида бизнес муҳити индекси 61 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 бандга юқорилади. Бу эса мамлакатда бизнес муҳитига бўлган ишонч узоқ муддатли истиқболда мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Жорий ҳолат индекси 49 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойига нисбатан 16 бандга ўсди. Ушбу бизнес муҳити индекс тадбиркорларнинг мамлакатдаги сотувлар ҳажми, бандлик даражаси, талаб, ресурслардан фойдаланиш ҳамда фаолият муҳитининг барқарорлиги каби реал вазият вабизнес юритиш шартлари ҳақидаги тасаввураларини ифодалайди.
Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 9 бандга ошиб, 74 бандни ташкил этди. Бу эса тадбиркорлар орасидаги барқарорликка бўлган ишонч кучайганини кўрсатади.
2025 йил май ойи якунларига кўра, саноатда бизнес муҳити индекси сезиларли ўсишни кўрсатмоқда.
Индекс ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 бандга яхшиланиб, 70 бандни ташкил этди. Жорий ҳолат индекси ўтган йилга нисбатан 41 бандга ошиб, 20 банддан 61 бандга ўсди. Шунингдек, истиқболдаги кутилмалар индекси ҳам 23 бандга ошиб, 79 бандни ташкил этди. Ушбу кўрсаткичлар саноатда тадбиркорлик фаолияти учун шароитлар яхшиланганини ва ишонч даражаси юқори эканини тасдиқлайди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам барқарор ўсиш қайд этилди. Май ойида бизнес муҳити индекс 6 бандга яхшиланиб, 58 бандга етди. Жорий ҳолат индекси 17 бандга ошиб, 31 банддан 48 бандга етди, бу эса қишлоқ хўжалиги корхоналарининг позицияси мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Бироқ, истиқболдаги кутилмалар индекси бироз пасайиб, 74 банддан 68 пунктга тушди, бу эса қишлоқ хўжалигида маълум эҳтиёткорлик мавжудлигини англатади. Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги ҳозирги пайтда ижобий ўзгаришларни намоён этмоқда, шу билан бирга тадбиркорлар эҳтиёткорлик билан оптимистик кайфиятни сақлаб қолмоқда.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳити май ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 бандга яхшиланиб, 60 бандни ташкил этди. Жорий ҳолат индекси 5 бандга ўсиб, 46 бандга етди. Шу билан бирга, корхоналарнинг кутилмалари ҳам сезиларли даражада ўсди — энг катта ўсиш истиқболдаги кутилмалар индексида 13 бандга ошиб, 76 бандга етди. Бу хизматлар соҳасида ишонч ва ўсишга бўлган оптимизмни акс эттиради.
Қурилиш тармоғида бизнес муҳити май ойида барқарор ҳолатда сақланиб, 57 бандни ташкил этди — бу кўрсаткич ўтган йилнинг май ойидаги натижага мос келади.
Жорий ҳолат индекси бироз пасайиб, 37 бандни ташкил этди, бу, асосан, фаолликнинг мавсумий сусайиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, кутилмалар индекси 1 бандга ошиб, 79 бандга етди.Умуман олганда, қурилиш тармоғи мавжуд ўзгаришларга нисбатан барқарорлик ва мослашувчанликни кўрсатмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистонда бизнес муҳити ижобий динамикани кўрсатмоқда, кўплаб тармоқларда ишбилармонлик фаолиятининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Айниқса, саноат ва қишлоқ хўжалиги энг катта оптимизмни кўрсатмоқда, хизматлар соҳаси эса ўртача ўсишни сақлаб турибди.
Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган бўлиб, ишлаб чиқариш, талаб, ва бошқа кўрсаткичлар динамикаси асосида тадбиркорлик фаолиятидаги бизнес муҳитига берилган баҳо ва кутилаётган ўзгаришларни акс эттиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter