Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтириш режалаштириляпти

Ўзбекистонда эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтириш режалаштириляпти

Кеча, 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев масъулларга эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳақида топшириқ берган. Бу ҳақда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Муродбек Маҳмудов маълум қилди.

Маҳмудовга кўра, ҳозирда эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг олдини олиш чораларини кескин кучайтириш мақсадида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги тизимлари интеграция қилинган. Натижада эса эрта туғруқларни яшириш ҳолатларига чек қўйилган ҳамда уларни дарҳол аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти кенгайтирилган.

«Эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳақида топшириқ берилди. Шу билан бирга, соғлиқнинг бузилишига сабаб бўлган енгил шикаст етказиш жинояти учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳам қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди. Пробация ҳисобида турган шахслар устидан назоратни амалга оширишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари ҳам белгиланди», – дейди Муродбек Маҳмудов.

Йиғилишда, шунингдек, айни пайтда 3 ойдан ортиқ хорижда бўлиб қайтиб келган фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтиши мажбурийлиги белгиланмагани, бу эса турли юқумли касалликларнинг барвақт аниқланишига ҳамда мамлакатда тарқалишининг олдини олишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган.

«Шу боис ДХХ Чегара қўшинлари, Маҳалла уюшмаси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилиниб, электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Шу орқали четдан қайтганларни чегарадан кириши билан ҳисобга олиш, дарҳол тиббий кўрикка йўнаотириш ҳамда бунинг ягона ҳисобини юритиш механизмлари тўла жорий қилинади», – дейди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг