Ўзбекистонда сайёҳлик рекордлари янгиланмоқда — уч ойда қарийб 20 фоизлик ўсиш кузатилди

2025 йилнинг апрел-июн ойларида Ўзбекистонга уч миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди — ҳар ойда сайёҳлар оқими барқарор равишда бир миллион кишидан ошиб кетди. Бу нафақат мамлакатимизга бўлган қизиқишни тасдиқловчи тарихий натижа, балки туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатувчи далилдир.
2024 йилнинг шу даврига нисбатан хорижий сайёҳлар сони қарийб 20 фоизга кўпайгани соҳа учун катта ютуқ ҳисобланади.
2025 йил апрель ойида Ўзбекистон биринчи марта бир ой давомида 1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қилди, май ойида эса янги рекорд ўрнатилди - 1,1 миллион сайёҳ. Июн ойида 1,1 миллионга яқин сайёҳ юртимизга ташриф буюрди.
Мамлакатимиз имиджини ошириш, визасиз режимни кенгайтириш, соҳага сармоялар жалб қилиш ҳамда халқаро сайёҳлик кўргазмалари, форумлар ва роуд-шоуларда фаол иштирок этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўсиш суръати давом этмоқда.
Олдинда янада улкан вазифалар кутмоқда. Истиқболда халқаро стандартларга мос келадиган сайёҳлик хизматлари доирасини кенгайтириш кўзда тутилган. Глобал бозорда тобора оммалашиб бораётган экологик ва барқарор туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter