Ўзбекистонлик «Вагнер»чига суд ҳукми ўқилди

Жорий йил 6 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг очиқ суд мажлисида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёлланиш учун 2022 йилда Россия давлатига чиқиб кетган 50 ёшли фуқаронинг жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилди.
Фуқаро А.М. (2025 йил 24 февралдан қамоқда сақланган) Жиноят кодекси ЖК 154-моддасининг 1-қисми ва 276-моддасининг 1-қисми билан айбланган.
Суд терговида маълум қилинишича, А.М. 2022 йилнинг сентябрь ойи ўрталаридан 2023 йилнинг март ойи ўрталарига қадар ёлланиш мақсадида Россиянинг «Хутр Молкина» номли шаҳарчасига бориб, у ерда РФнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан шартнома тузган. У, жумладан, жангарилар лагерларида жанговар тайёргарликдан ўтишни ҳамда Россия фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаса-да, Украина Қуролли Кучларига қарши тўқнашувларда ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашиб, бу учун моддий рағбатлантирилишини кўзлаган.
Судланувчи А.М.нинг терговда маълум қилишича, у 2022 йил сентябрь ойиларида ижтимоий тармоқ орқали «Вагнер»нинг эълонига кўзи тушади ва 240 минг рубль ойлик маошга қизиқиб, миниб юрган автомобилини йўлкира қилиш учун 3000 АҚШ долларига сотади. Сўнг у Россияга учиб кетиб, у ерда «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига 4 ойга ёлланади. 20 кунлик тегишли ҳарбий тайёргарликлардан сўнг 170 кишилик ротага қурол бириктиришади ва бешта катта автобусда уларни Украина давлати Донецк вилояти ҳудудига олиб боришади. А.М. 4 ой мобайнида ўша ерда бўлади ва тахминан 2023 йил январь ой охирларида ротада 24 та аскар қолади. 2023 йилнинг 3 февралида эса улар турган ўра ҳарбий дронлар ҳужумига учрайди ва А.М. яқинида портлаган граната парчаларидан жароҳатланади. Сўнг у госпиталда жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказади.
Бир муддат даволаниб, сўнг у яна «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига тегишли ҳарбий базага қайтиб боради. Унга ўтган 6 ойи учун маошини беришади ва 45 кун таътилда бўлиб қайтиб келишини айтишади. Шу тариқа А.М. 2023 йилнинг 14 мартида Тошкентга қайтади.
Бироқ, 2025 йил 11 февраль кунига келиб, у яшаб келаётган уйга Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари келишиб, у турган хонани холислар иштирокида кўздан кечиришганда хонадонидан гиёҳвандлик моддалари (наша)дан ташқари Украина-Россия қуролли можаросида иштирок этиб яралангани ва шу бўйича даволангани қайд этилган ҳужжатлар топилади. Мазкур ашёвий далиллар ўз ўрнида расмийлаштирилади ва иш судга оширилади.
А.М. ЖКнинг 154-моддасининг 1-қисми ва 276-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter