Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан савдоси 10,8 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан савдоси 10,8 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан сўнгги 9 йилдаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги юзасидан таҳлили эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда ТДТ давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 2,3 трлн долларга, ташқи савдо айланмаси эса 1,2 трлн доллардан ошган. Қайд этилишича, ТДТ мамлакатлари машинасозлик, тўқимачилик, электротехника, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта иқтисодий салоҳиятга эга.

Сўнгги 9 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ давлатлари билан товар айланмаси 2,7 баробарга ошиб, 2017 йилдаги 4 млрд доллардан 2025 йилда 10,8 млрд долларга етган. Экспорт ҳажми 1,2 млрд доллардан 3,8 млрд долларгача, импорт эса 1,8 млрд доллардан 7 млрд долларгача ошган.

2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдосида энг катта улуш Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган – 5 млрд доллар ёки 46 фоиз. Туркия эса 3 млрд доллар билан иккинчи ўринни эгаллаган.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон ТДТ давлатларига экспорт ҳажмини яна 2,7 млрд долларга ошириш имкониятига эга. Хусусан, Туркияга экспортни 1,8 млрд долларга, Қозоғистонга 500 млн долларга ошириш салоҳияти мавжуд.

Инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил ўсмоқда. 2017–2025 йилларда ТДТ мамлакатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 11,5 млрд доллардан ошган. Фақат 2025 йилнинг ўзида бу кўрсаткич 3,8 млрд долларни ташкил этган.

Энг йирик инвестор Туркия бўлиб, 2025 йилда Ўзбекистонга 2,4 млрд доллар инвестиция киритган. Ҳозирда Ўзбекистонда ТДТ мамлакатлари капитали иштирокида 4,5 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш» мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг