Мен таниган Ўзбекистон — Янги Ўзбекистон хорижлик олим нигоҳида!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида туркиялик таниқли олим Кемал Явуз Атаманнинг қаҳрамони ва бош ғояси Янги Ўзбекистон бўлган «Мен таниган Ўзбекистон» номли салмоқли асари нашр этилди. Ушбу муҳим лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилари жамияти ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ҳамкорлигидаги «Маърифат элчилари» дастури доирасида амалга оширилиб, ўзбек ва турк тилларида кенг ўқувчилар оммасига етказилмоқда.
Мазкур асар оддий саёҳат таассуротлари тўплами эмас. Унда муаллифнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистон бўйлаб қилган кўп сонли сафарлари, илмий экспедициялари, архив манбалари асосидаги изланишлари ҳамда юртимиз инсонлари билан қилган самимий мулоқотлари мужассамлашган. Муаллиф кўҳна ва янгиланаётган юртимиз ҳаётини холис кузатувчи ва таҳлилчи сифатида қаламга олган.
Китобда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли туб ислоҳотлар, мамлакатнинг барқарор тараққиёт йўли, бой маданий мероси, халқимизга хос миллий қадриятлар ҳамда юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи олим нигоҳи билан чуқур таҳлил қилинган. Ҳар бир саҳифада Ўзбекистонга бўлган самимий меҳр ва ҳурмат яққол сезилиб туради.
Яқинда ўтказилган мазкур китобнинг тақдимот маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли олимлар, академиклар, зиёлилар, таниқли ёзувчи ва таржимонлар, дипломатик корпус ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди. Тадбирда асарнинг халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида эътироф этилди.
«Мен таниган Ўзбекистон» асари юртимиз ҳақидаги ҳаққоний илмий хулосалар ва чин дилдан чиққан илиқ таассуротларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Ушбу нашр Ўзбекистоннинг бугунги қиёфасини дунёга яқиндан танитувчи муҳим ва қимматли маънавий манбага айланиши шубҳасиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter