Ўзбекистоннинг янги элчиси Норвегия қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

Ўзбекистоннинг Норвегияга янги тайинланган элчиси (қароргоҳи Стокголм шаҳрида жойлашган) Раҳматулла Нуримбетов ушбу мамлакат қироли Ҳаралд V га ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон–Норвегия муносабатларининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш, «яшил» энергияни ривожлантириш, қашшоқликни камайтириш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ролини ошириш каби муҳим йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги тилга олинган.
Маълумот учун: Ўзбекистон ва Норвегия ўрасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июнда ўрнатилган. Раҳматулла Нуримбетов 2024 йил 15 октябр куни Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси сифатида Стокголм шаҳрига борган ва 4 декабр куни қирол Карл XVI Густавга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter