«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан депутатлар, блогер ва журналистлар иштирокида пресс-тур ташкил қилинди

Ўтган ҳафта якунида рўй берган «блэкаут» кўпчиликни шошилтириб қўйди. Президент Шавкат Мирзиёев ўша кунни ёдга оларкан: «Электр энергияси бирдан узилиб қолишини ҳеч ким кутмаганди. Бундай вақтда энг муҳими — саросимага тушмаслик эди. Шу сабабли халқимизни тезкор ахборот билан таъминлаб боришга кўрсатма бердим. Ўша вақтда фавқулодда ҳолатни бартараф этиш учун кўмак берган барча оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, соҳа мутахассислари ва шу билан бирга оғир вазиятда сабр-тоқат намойиш этган азиз халқимизга миннатдорчилик билдираман», — деди.
Албатта электр энергиясининг кутилмаганда узилиб қолиши кўплаб соҳаларга таъсир ўтказмай қолмади. Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» акционерлик жамиятида ҳам қатор муаммолар юзага келди. Ташкилот тасарруфида Газли, Шўртан ва Муборак НГҚЧБлардаги 64 та конлар вақтинча фаолиятини тўхтатди. Шунингдек, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган корхоналардан — Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, 3 та газни қайта ишловчи завод (Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси ва «Uzbekistan GTL») тўхтаб қолди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбарияти вазиятни тезда бартараф этиш учун вақтинчалик штаб ташкил этди ва электр энергия берилиши билан корхоналарни иш режимига тушириш графикларини ишлаб чиқди. Тезкор ва самарали ҳаракатлар натижасида барча масала тезда бартараф этилди.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ ходимларини бажарилган ишлар билан таништириш мақсадида куни кеча «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Қашқадарё вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Ташкилот раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан ташкил этилган сафар давомида журналистлар ишлаб чиқариш объектлари ва «блэкаут» оқибатларини бартараф этиш учун амалга оширилган ишлар билан танишиб чиқдилар.
Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ушбу пресс-тур тафсилотлари билан таништириб боришни режалаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter