«Ўзкимёсаноат» Навоий вилояти Экобошқармасини нотўғри ахборот тарқатганликда айблаяпти

Бир муддат олдин Навоий вилояти экология бошқармаси жорий йилнинг 19 июль куни «Навоийазот» корхонасига қарашли санитар лаборатория ходимлари билан ҳамкорликда ҳаво таркибини ўрганишга доир таҳлил ўтказилгани ҳақида айтилган эди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати ҳам шу йилнинг 13-19 ва 21 июль кунлари Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаганига оид ҳодисага ўз муносабатини билдириб, вилоят экобошқармасини нотўғри ахборот тарқатганликда айбламоқда.
Компания расмий муносабатида қайд этилишича, «Навоийазот» корхонаси ҳудуди ва атрофини назорат қилиш мақсадида 500 тадан ортиқ замонавий кузатув камералари ўрнатилган. Ер сатҳидан 120 метр баландликдаги 10-15 км масофадаги жараённи яққол кўриш имкониятини берувчи камера тасвирларида эса атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлган чангсимон тутун корхона ҳудудидан тарқалмагани кўринган.
«Тутун ғарбий ҳудуддан ҳавога кўтарилиб, шамол йўналиши бўйлаб «Навоийазот» АЖ усти ва атрофидан ўтиб кейин бутун шаҳарга тарқалган», – дейилади хабарда.
Ўз навбатида, компания Вилоят экология бошқармаси корхонага қарашли санитар лаборатория ходимлари билан ҳамкорликда таҳлил ўтказмаганини, яъни бу жараён ҳақида корхона вакиллари хабардор этилмаганини таъкидлайди.
«Шунингдек, атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сулфидининг 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланганлиги қайд этилган.
Таъкидлаш лозимки, аммиак ҳам, водород сулфиди ҳам рангсиз, газсимон модда бўлиб, кўзга кўринмайди. Навоий шаҳрини чангсимон тутун қоплаганини эса аҳоли кўриб, гувоҳига айланди.
19 июль куни соат 7:30-8:00 оралиғида корхона мутахассислари томонидан ўтказилган текширув натижасида ҳаво таркибида аммиак мавжуд эмаслиги аниқланган. Корхонага қарашли тиомочевина цехи жорий йилнинг феврал ойидан буён фаолият юритмаяпти. Шу боис, атмосферага водород сулфиди чиққанлиги ҳақидаги маълумот мутлақо асоссиз.
Углерод икки оксиди эса кўмирнинг чала ёниши натижасида ҳосил бўлади, «Навоийазот» АЖда эса маҳсулот ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланилмайди», – дейилади «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати муносабатида.
Компания, шу билан бирга, «Навоийазот» корхонаси томонидан атмосферани ифлослантирувчи ташламалар миқдорининг меъёридан ошмаслигини назорат қилиш мақсадида 3, 23, 25-цехларга 3 дона автоматик газоанализатор, жамиятга қарашли санаторий-профилакторий ҳамда бошқарма ҳудудига 2 дона стационар постлар ўрнатилгани ва бунга «Навоийазот» АЖ маблағлари ҳисобидан 6 млрд 186 млн сўм маблағ сарфланганини, шунингдек, атмосферага манбалардан ташланувчи ташламаларни тутиб қолиш мақсадида 3-цех донадорлаш минорасига 1 дона скруббер, 23-цех донадорлаш минорасига 4 дона скрубберлар ўрнатилганини қўшимча қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter