ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партиялари «Тараққиёт блоки»ни ташкил қилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) фракцияси ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси ўртасида «Тараққиёт блоки»ни ташкил этиш юзасидан битим имзоланди.
«Тараққиёт блоки» 93 нафар депутатни бирлаштириб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этади ва етакчи сиёсий кучга айланади.
Қайд этилишича, мазкур блок ҳар иккала партия фракциялари саъйи-ҳаракатларини бирлаштириш орқали партияларнинг дастурий мақсад ҳамда вазифаларини самарали амалга оширишга эришиш мақсадида тузилмоқда.
«Тараққиёт блоки» барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритишни муҳим деб ҳисоблайди. Ўзбекистон равнақини фракцияларни бирлаштирувчи асосий омил деб билади.
«Тараққиёт блоки»нинг устувор фаолият йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
- миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;
- ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;
- таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
- соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;
- солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;
- давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
- фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;
- мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter