Пандемия билан боғлиқ вазият: Германия қандай чоралар кўрмоқда?

Германияда коронавирус касаллигини юқтирганлар сони 27 апрель ҳолатига кўра, 157 минг кишидан ошди. Ҳар куни 2 минг инсон ушбу касалликни юқтириб олмоқда. Ҳозирга қадар беморларнинг 110 минг нафари соғайиб кетган бўлса, 6 мингга яқин одам оламдан ўтди. Шунга қарамай, соғайганлар сони бўйича Германия жаҳонда пешқадам бўлиб турибди.
Ҳозиргача 2 миллион одам тестдан ўтказилди. Кох номидаги институт маълумотларига кўра, ўлим ҳолатларининг 30 фоизи қариялар уйлари ва ижтимоий муассасалар мижозларидир. Энг юқори кўрсаткичлар Бавария, Баден-Вюртемберг, Гамбург федерал ўлкаларида қайд этилмоқда.
Чекловлар 3 майгача дейилмоқда...
Ижтимоий мулоқотни чеклов тартиби жорий йилнинг 16 мартидан бошланиб, 3 майга қадар амал қилиши айтилмоқда. Аммо вазиятга қараб, бу муддат узайтирилиши эҳтимоли ҳам юқори.
Эпидемия кенг тарқалган Италия ва Испания билан ҳаво қатновлари тўлиқ тўхтатилган. Австрия, Швейцария, Франция, Люксембург, Дания билан чегаралар қатъий назоратга олинган.
Шунингдек, Баварияда 27 апрелдан жамоат транспортлари ва дўконларда ниқобсиз юрганларга 150 евро жарима солинадиган бўлди. Савдо ташкилотлари ўз ходимларини ниқоблар тақишини таъминламаса, 5 минг евро жарима тўлайди.
Аҳолининг катта қисми гарчи чеклов чораларидан бутунлай норози бўлаётган бўлса-да, канцлер Ангела Меркель хоним чеклов чораларини енгиллаштириш борасида фақатгина 30 апрелдан кейингина муҳокама бошланиши мумкинлигини билдирмоқда.
Шу билан бирга хоним аҳолини пандемия туфайли узоқ муддатли карантин чораларига тайёр туришга чақирмоқда ва айрим федерал ерлар раҳбарларининг чекловларини енгиллаштириш бўйича қабул қилаётган қарорларини жиддий танқид остига олди.
Энг қизиғи, 27 сентябрда ўтказиладиган Берлин халқаро марафони, 19 сентябр-4 октябрда бўладиган «Октоберфест» Мюнхен пиво байрамини бекор қилиш ҳақида ҳам қарор қабул қилингани бўлди. Бундан кўринадики карантин тадбирлари ҳали анча давом этади.
Бизнесга ҳавас қилиб бўлмайди...
Аввало, иқтисодиёт жиддий азият чекмоқда, ишсизлик ўсмоқда. Инқироз сабабли агар ходим ишсиз қолса, бир йил давомида ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида тавон пули олиши белгиланди. Агар бу таътил бола парвариши билан боғлиқ бўлса, 67 фоизни ташкил қилади. Келгусида ҳукумат бу миқдорни 80-87 фоизга кўтариши кутилмоқда.
Инқироздан азият чеккан компаниялар учун солиқ тўловлари бўйича фоизсиз кечиктириш тақдим этилмоқда. Бу даромад ва корпоратив, савдо солиқларларига дахлдор. 2,1 миллион киши қисқартирилган соатлар жадвал асосида ишламоқда.
20 апрелда савдо дўконлари ишларига рухсат этилди
Ҳукумат иши тўхтаб қолган меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналарига қўшимча молиявий кўмак кўрсатиш ниятида. Чунки, апрель якунига кўра, тармоқдаги 223 минг муассаса 10 миллиард евро йўқотади, 70 минг корхона банкротлик ёқасига келиб қолди.
Мактаб таълими ҳам тўхтатилган. Ҳукумат онлайн-режимга ўтган мактабларни масофадан сифатли ўқитиш мақсадида – компьютер билан жиҳозлаш учун 500 миллион евро ажратмоқда. Жумладан, эҳтиёжманд оилалар ўқувчиларига масофадан туриб уйда таҳсил олишларига гажетлар сотиб олишлари учун 150 евродан субсидия ажратилди.
Касаллик тез тарқаб кетиши мумкин бўлган жазони ижро этиш муассасаларидаги аҳвол ҳам кўпчиликни ташвишга солмоқда. Бавария ҳукумати эса тўқимачилик компаниялари билан ҳамкорликда ўз ҳудудидаги қамоқхоналарда йилига 7 миллион ҳимоя ниқоблари ишлаб чиқаришни бошлади.
Ўтган даврда хорижда қолиб кетган 250 мингга яқин фуқаролар ўз Ватанига қайтиб келди.
Тюрингия федерал ери 23 апрелдан оммавий ибодатларга рухсат берди. Ёпиқ бинода гигиена ва масофа сақлашга қатъий амал қилган ҳолда иштирокчилар сони 30 нафардан, очиқ жойларда эса 50 кишидан ошиб кетмаслиги керак.
Германия футбол иттифоқи махсус комиссияси футбол ўйинларини томошабинлар иштирокисиз қайта тиклаш режасини эълон қилди. Комиссия трибуналарда турли узоқликда 300 нафар кишигача бўлиши хавфсизликка тўлиқ жавоб беради, деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, футболчилар жамоа бўлиб суратга тушиши, уйиндан олдин сафда қатор туриши, анъанавий қўл сиқишлардан воз кечишга тўғри келади.
«BioNTech» компанияси вакцинаси синовда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа бюроси Германиянинг вирусга қарши курашини юксак баҳоламоқда. Мамлакатнинг қудратли соғлиқни сақлаш тизими пандемия билан самарали курашиш учун муносиб имкон бермоқда. Аммо узоқ истиқболда вазият ҳамон ноаниқ ва хавфсиз эмас.
Ҳукумат федерал соғлиқни сақлаш вазирлигига касалхоналарга қўлқоп, ниқоб, ҳимоя костюми ва бошқа материалларни, сунъий нафас олиш қурилмаларини марказлашган ҳолда сотиб олиш мақсадида 7,8 миллиард евро ажратди.
Ҳозирда Германияда биргина ниқобга бўлган эҳтиёж йилига 12 миллирд донани ташкил этмоқда ва 50дан ортиқ компанияларга уларни ишлаб чиқариш учун кўмак кўрсатилмоқда.
Вирусни юқтирганлар билан мулоқотга киришган одамларни тезкор аниқлашда маҳаллий ҳукуматларга ёрдам бериш учун давлат молиялаштириш асосида 105 та мобил гуруҳлар тузилди ва ўқитилди. Келгусида ҳар 20 минг аҳолига камида биттадан ана шундай гуруҳ шакллантирилади.
Мудофаа вазирлигининг 37 минг ҳарбийлари курашга ёрдам беришга шай ҳолатда. Шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида 25-30 фоиз жойлар коронавирусга чалинган беморлар учун захирага олинган.
Германия коронавирусга қарши эҳтимодлий вакцинанинг клиник синовига илк рухсатни берди. «BioNTech» компанияси ишлаб чиқарган дори кўнгиллиларда синовдан ўтказилади. Яқин ойларда яна бир неча вакциналарни текшириб кўришга ижозат этилади.
7 майда Бундестагга киритилаётган коронавирусга қарши кураш бўйича янги қонун лойиҳасига кўра, оммавий тестларни ўтказиш давлат тиббиёт суғурта компаниялари томонидан амалга оширилади.
Эпидемик вазият миллий хавфсизлик даражасида қолар экан, тест ўтказишни кўпайтириш мақсадида ветеринар лабораториялардан вақтинчалик фойдаланиш жорий этилади.
Касалхоналарга, молиявий муаммолар сабабли мижозларга арзон тарифлар берган хусусий суғурта компанияларига қўшимча қўллаб-қувватлаш кўрсатилади.
Гавҳар Наимова, ЎзДЖТУ магистранти
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter