Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Параосиё ўйинлари қаҳрамонлари Тошкентда кутиб олинди

Параосиё ўйинлари қаҳрамонлари Тошкентда кутиб олинди

Фото: Спорт вазирлиги

V Параосиё ўйинларида тарихий натижа қайд этган пара атлетларимиз Тошкент халкаро аэропортида тантанали кутиб олинди. 

​Бугун Тошкент халқаро аэропортининг 3- терминалида Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтган V Параосиё ўйинларида иштирок этиб, тарихий натижага эришган Ўзбекистон спорт делегациясини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

​Тантанали маросимда Параосиё ўйинлари ғолиб ва иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева томонидан ўқиб эшиттирилди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради, Миллий гвардия байроқдорлари саф тортди.

​Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Президентнинг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов, спорт вазири Адкҳам Икрамов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев иштирок этди.

​Маросим давомида V Параосиё ўйинлари қаҳрамонларига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.

​Тантанали тадбирда Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдорлари, пара велосипед спорт бўйича жаҳон ва Параосиё ўйинлари чемпиони Маржона Пардабоева, пара сузиш бўйича Параосиё ўйинлари чемпиони Азизбек Бойназаров ҳамда Параосиё ўйинларида учта олтин медални қўлга киритган Хуршид Кодировнинг онаси Камола Хидирбоева ва мураббийлар сўзга чиқиб, юртимизда спортчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятлар учун Давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдиришди.

​Эслатиб ўтамиз, жорий йил 18-24 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳарларида ўтказилган V Параосиё ўйинларида Ўзбекистон 11 та спорт тури бўйича 149 нафар пара атлет билан иштирок этди. Осиёнинг 45 та давлатидан 2 минг 600 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақаларда 18 та спорт тури бўйича 490 та медал жамланмаси учун баҳслар олиб борилди.

​Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақаларни 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза, жами 145 та медал билан якунлади. Вакилларимиз умумжамоа ҳисобида Хитой ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллаб, мамлакатимиз пара спорти тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.

​Эътиборлиси, Ўзбекистон делегацияси ушбу натижа билан Марказий Осиё, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда ислом давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг