Париж хавотирда: «чақирилмаган меҳмонлар» Олимпиада пайти кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин
XXXIII ёзги Олимпиада ўйинларига Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қилади. Нуфузли спорт мусобақаси 2024 йил 26 июль куни бошланади.
Олимпиада ўйинларини рисоладагидек ўтказиш учун туну кун меҳнат қилаётган Франция масъуллари қаршисида кутилмаган муаммо чиқиб қолди. Мамлакатнинг қатор шаҳарлари, хусусан, пойтахт Парижда қандала, кана каби қонсўрар ҳашаротлар кескин кўпайгани аниқланган.
Зараркунандалар Олимпиада ташкилий қўмитасининг машаққатли тайёргарлик ишларини йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Шунга кўра, жамоатчилик масъуллардан ҳашаротларга қарши кескин чоралар кўришни талаб этмоқда.
Зараркунандалар Олимпиада ўйинлари мамлакат нуфузига нуфуз қўшишига умид қилаётган мезбонларга яхшигина дахмаза бўладиган кўринади. Ижтимоий тармоқлардаги ваҳимали хабарларга кўра, Париждаги айрим кинотеатрлар, ҳатто жамоат транспортида қандала ва кана тарқалган.
Мутахассислар фикрича, Францияда кейинги йилларда зараркунанда ҳашаротларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Масалан, Парижда сўнгги беш йилда ҳар ўн хонадондан биттасида «чақирилмаган меҳмонлар» борлиги қайд этилган. Бу ҳолат нафақат жисмоний жароҳат, руҳий беқарорликларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Глобал туризм, миграция, контейнер орқали юк ташишнинг кенгайгани, инсон саломатлигига зиёни важидан ҳашаротларга қарши препаратларни қўллаш тақиқлангани каби омиллар уларнинг кўпайишига олиб келган. Қолаверса, ҳашаротлар турли кимёвий препаратларга чидамли бўлиб бораётгани айтилмоқда.
CNN хабарига кўра, Франция ҳукумати Олимпиада ўйинларига ҳозирлик доирасида Париждаги минглаб бошпанасизларни вилоятларга юбормоқда. Пойтахтдан узоқдаги шаҳарларда вақтинчалик масканлар ташкил қилинган. Ҳукумат шу орқали катта мусобақа пайти хавфсизликни таъминлаш ва арзон меҳмонхоналарда жой очишни режалаштирган.
Аввал хабар берганимиздек, Фригия (Фракия) қалпоқлари кўринишидаги бир жуфт ўйинчоқ Олимпия ўйинларининг расмий рамзлари сифатида танланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter