Politico: Трамп жамоаси Эронга дастлаб Исроил зарба беришини истаяпти
АҚШ президенти Дональд Трамп жамоасида Эронга эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар масаласида янги сценарий муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Politico нашри Оқ уйдаги икки нафар юқори лавозимли амалдорга таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, Вашингтонда Исроил биринчи бўлиб Эронга зарба бериши мақбул вариант сифатида кўрилмоқда. Бундай қадам сиёсий таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган. Яъни, агар Исроил мустақил равишда биринчи бўлиб ҳужум қилса ва Эрон жавоб тариқасида АҚШ объектларига зарба берса, бу ҳолат Америка жамоатчилигини ҳарбий операция зарурлигига ишонтиришни осонлаштириши мумкин.
«Сиёсий жиҳатдан Исроил биринчи бўлиб зарба берса ва Эрон кейин бизга жавоб қайтарса, ҳаракат қилиш учун асосларимиз мустаҳкамроқ бўлар эди», – деган манбалардан бири нашрга.
Ғарб ОАВси сўнгги сўровларда америкаликлар, айниқса республикачилар, Эронда режим алмашишини қўллаб-қувватлашини кўрсатаётгани ҳақида ёзмоқда. Бироқ улар бунинг учун америкалик ҳарбийлар қурбон бўлишини истамайди.
Шу билан бирга, Вашингтонда Теҳрон билан дипломатик келишувга эришиш умиди тобора сусайиб бормоқда. Шу сабабли, АҚШ қачон ва қандай тарзда зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги савол долзарблигича қолмоқда.
Тахминларга кўра, эҳтимолий сценарийларнинг энг ҳақиқатга яқини – АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳарбий операцияси.
«ОАВ президентнинг режалари ҳақида истаганча тахмин қилиши мумкин. Аммо нима қилиш ёки қилмасликни фақат президент Трампнинг ўзи билади», – деган Оқ уй матбуот котиби Анна Келли.
Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси бу масала юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Манбанинг нашрга таъкидлашича, агар гап режим алмашишига қадар кўламдаги ҳужум ҳақида кетса, Эрон ўз қўлидаги барча воситалар билан жавоб қайтариши эҳтимоли юқори. АҚШнинг минтақада кўплаб ҳарбий объектлари бор ва уларнинг ҳар бири нишонга айланиши мумкин. Ушбу объектлар Исроилнинг «Темир гумбаз» ҳаво ҳимоя тизими билан қопланмаган.
Бу эса америкалик қурбонлар эҳтимолини оширади ва сиёсий хавфларни кучайтиради.
Таҳлилчилар фикрича, яқин ҳафталарда дипломатик ҳаракатлар натижаси Вашингтоннинг кейинги қадамларини белгилаб беради.
Эслатиб ўтамиз, айни кунда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва унинг куёви Жаред Кушнер Женевага йўл олиб, эронликлар билан келишувга эришишга ҳаракат қилмоқда.
Манба: politico.com


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter