Пойтахт ва унинг 11 та тумани электр тармоқлари бошлиқлари интизомий жавобгарликка тортилди

Тошкент шаҳрининг турли туманларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ авариялар ҳамда тармоқларда кучланишнинг пасайиб кетиши ортидан «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ бошлиғи ва 11 нафар туман электр таъминоти корхоналари бошлиқлари, 13 нафар туман корхонаси бош муҳандислари, 3 нафар туман корхонаси диспетчерлик хизмати ходимлари — жами 28 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди.
Бош прокуратура ўрганишларига кўра, «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» масъулияти чекланган жамиятида тизимли муаммолар борлиги маълум бўлди.
Жумладан, корхонада штат етарли эмаслиги маълум қилинди. Жамиятнинг 410 нафар ишчи-ходимдан иборат 78 та авария бригадаси, 34 та махсус автотранспорт воситаси юзага келаётган авария ҳолатларини бартараф этиш учун етарли эмас. 35 та штат бирликларига эҳтиёж мавжуд.
Шунингдек:
- Кадрлар қўнимсизлиги. Сўнгги уч йилда жамиятда фаолият юритиб келаётган ходимларнинг 30 фоизи иш ҳақининг камлиги ва иш ҳажмининг катталиги сабабли тизимдан бўшаган. Шундан 228 нафари ёки 45 фоизи айнан эксплуатация хизмати мутахассисларини ташкил этади.
- Тармоқ модернизацияга муҳтож. 9 749 километрдан ортиқ электр тармоғининг 2 540 километр ёки 26 фоизи таъмирталаб аҳволда, мавжуд 90 та подстанциянинг 9 таси модернизация қилиниши, 2 тасининг қуввати оширилиши лозим.
- Махсус лабораториялар аҳволи оғир. Мавжуд 11 та махсус лаборатория автомашинасининг 6 таси замон талабларига жавоб бермайди, шундан тунги вақтда бор-йўғи иккитаси навбатчи сифатида ўз хизматини ўтамоқда. Бу бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳудудда ўчишлар содир бўлган тақдирда қисқа муддатда аварияни аниқлаш ва тўлиқ бартараф этиш имкони бермаяпти.
- Call-марказга уланишда катта навбат. Ҳозирда тизимдаги 1154-рақамли CALL-марказ орқали мурожаатларни қабул қилувчи операторлар 5 нафарни ташкил этади. Шу сабабли оператор билан уланиш учун 60-70 тагача навбат юзага келган. Ўрганиш натижасида марказга қўшимча 10 нафар оператор бириктирилди.
- Истеъмолчиларни огоҳлантириш. Чекловлар ва авариялар ҳақида истеъмолчиларни вақтида хабардор қилиш ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган. Июль ойининг 23 кунида 64 та авария бўйича истеъмолчилар огоҳлантирилмаган, 112 таси бўйича эса кеч огоҳлантирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter