Президент ҳоккейчиларимиз ва енгил атлетикачиларимизни табриклади

Ўзбекистоннинг ҳоккей бўйича терма жамоаси биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўз дивизионида ғолиб бўлди ва 3-дивизион йўлланмасини қўлга киритди. Енгил атлетикачиларимиз эса Осиё чемпионатида (U18) иккинчи ўринни эгаллашди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уларни табриклаб, спортчиларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Ҳоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Арманистонда ўтказилган жаҳон чемпионатида ўз дивизионида ғолиб бўлиб, келгуси мавсумда учинчи дивизионда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундан олдин, март ойида Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган ҳоккейчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоамиз ғалаба қозонган эди.
Саудия Арабистонида ўтказилган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида юртдошларимиз 12 та — 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
«Бу ютуқлар, энг аввало, йигит-қизларимизнинг тинимсиз меҳнати, юксак маҳорати, мустаҳкам иродаси ва матонати туфайлидир. Бунда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва тизимли давлат сиёсатининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, янги мактаблар очилмоқда, спортчиларнинг профессионал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлат раҳбари ҳоккейчи ва енгил атлетикачиларни юксак зафарлар билан табриклаб, ота-онаси, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорлик изҳор этади», — дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter