Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент янги қонунни имзолади

Президент янги қонунни имзолади

«Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–903-сон, 02.02.2024 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги асосий принциплар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, тупроқ унумдорлигини ошириш асослари ва тартиби белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Ер эгалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, шунингдек қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шарт.

Сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади.

Тупроқнинг унумдор қатлами сидириб олинмаганлиги ва сақланмаганлиги факти аниқланганда, етказилган зарарнинг ўрни маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади.

Тупроқни ўрганиш Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг