«Президентимизнинг ёшлар билан учрашуви бизни илҳомлантирмоқда» – тадбиркор

Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган тадбиркор Шуҳрат Шамсутдинов – замонавий тафаккур ва ташаббус билан эл-юртга фойда келтираётган илғор инсонлардан бири. Унинг тадбиркорлик фаолияти замона талабларига мос равишда ривожланиб, шаҳар иқтисодиётида муҳим ўрин тута бошлаган.
Дастлаб компьютер технологиялари хизмати ва савдоси йўналишида фаолият бошлаган тадбиркор ички бозорда рақобатни ошириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйди. Бу ташаббус нафақат маҳаллий бозорда, балки халқаро кўргазмаларда ҳам эътироф этилди.
Шуҳрат Шамсутдиновнинг изланишлари натижасида Фарғона шаҳрининг Ёрмозор маҳалласида 450 ўринли замонавий тўйхона ва умумий овқатланиш шохобчаси фаолият юрита бошлади. Бу ерда ўнлаб инсонлар доимий иш жойи билан таъминланди.
Тадбиркорнинг кейинги қадамларидан бири — “Fergana Motors” МЧЖга асос солиш бўлди. Бугунги кунда ушбу автосервис маркази автомобиль соҳасида техник хизмат кўрсатиш, электромобиллар савдоси ва уларни электр энергияси билан таъминлаш бўйича фаолият юритмоқда. Марказда 10 дан зиёд янги иш ўрни яратилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги меҳнат миграциясидан қайтган ёшларга тўғри келади. Шу билан бирга, "Уста-шогирд" анъанаси асосида маҳалладаги ёшларга касб-ҳунар ўргатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шуҳрат Шамсутдиновнинг ташаббуслари фақат бунгагина чекланиб қолгани йўқ. Ҳозирги кунда Ёрмозор маҳалласида кўп қаватли коттеж уйлари қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Янги инфратузилма объектлари ҳам тадбиркорнинг фаол иштироки билан яратилмоқда.
– Президентимизнинг жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашуви ва қабул қилинган муҳим қарорлар биз каби тадбиркорларни янги ғоя ва мақсадларга илҳомлантирмоқда, – дейди Шуҳрат Шамсутдинов. – Мамлакатимизнинг автомобиль бозоридаги ўрни ортиб бормоқда. Энди бу соҳага қўшимча хизмат турларини жорий этиш давр талаби бўлиб қолди.
Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожига берилган эътибор шу каби фидоий фаоллар саъй-ҳаракати билан янада мустаҳкамланиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Шуҳрат Шамсутдинов каби тадбиркорлар эса янгича ёндашув, ташаббус ва меҳнатга асосланган фаолияти билан бу жараёнда етакчи бўлиб келмоқда.
Муаллиф: Ғанижон Турдиев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter