Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пушкин операцияси» — Европада рус ёзувчиларининг ноёб китоблари ўғирлаб кетилмоқда

«Пушкин операцияси» — Европада рус ёзувчиларининг ноёб китоблари ўғирлаб кетилмоқда

Фото: The Insider

Европа мамлакатларидаги кутубхоналардан рус ёзувчилари қаламига мансуб асарларнинг ноёб нашрлари йўқолиб қолмоқда. Бу шунчалик урф олдики, ўғриларни топиш амалиёти «Пушкин операцияси», дея ном олди.

The New York Times ёзишича, 2022 йилдан буён Европа кутубхоналаридан умумий қиймати 2,6 млн доллардан ошувчи 170 дан зиёд дурдона китоб ўғирлаб кетилган, ҳаммаси рус ёзувчилариники, айниқса, Пушкин китоблари кўп ўғирланмоқда.

Латвия, Финляндия, Франция, Германия, Чехия ва бошқа мамлакатлар миллий кутубхоналари ўғрилардан жабр кўрган. Айниқса, Варшава университети кутубхонаси энг кўп таланди, бу ердан рус ёзувчиларининг 78 та китоби ўғирлаб кетилган.

Эстониядаги Тарту университети кутубхонасида бўлган ҳодисани NYT мисол келтирди. Бу ерга икки эркак келиб, ўзларини жанговар ҳаракатлардан қочиб юрган тоға-жиян украиналиклар, деб таништиришган. «Тоға» ва «жиян» Чор Россиясидаги цензурани ўрганиш мақсадида Александр Пушкин ва Николай Гогол асарларининг биринчи нашрлари билан танишиш истагини билдиришган. Орадан тўрт ой ўтиб аниқланишича, «украинлар» олиб фойдаланган саккизта китоб юқори сифатли факсимил нусхаларига алмаштириб кетилган.

Аввалроқ француз газетаси Le Parisien Европа бўйлаб китоб ўғриларини қидириш амалиёти «Пушкин операцияси» дея ном олганини ёзганди. Европол (Европа полицияси) маълумот беришича, ўғриликда гумон қилиниб, шу пайтгача 9 шахс қўлга олинди, барчаси — Грузия фуқаролари.

NYT аниқлик киритишича, ноёб китоблар ўғрилари Европа бўйлаб автобусларда саёҳат қилиб юришибди, китобларнинг нусхаларини ўта юқори сифат ва аниқликда тайёрлаб, асл нусхалари билан алмаштириб кетишмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг