Путин, Тўқаев ва бошқалар. Мирзиёевга табриклар келиши давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан 24 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Россия етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, товар айирбошлаш суръатини таъминлаш ва саноат кооперацияси бўйича муҳим лойиҳаларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ҳудудлараро даражадаги мулоқот ва алмашинувларни самарали давом эттириш муҳимлиги ҳам қайд этилди.
Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 24 июль куни телефон орқали мулоқот қилдилар.
Қозоғистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Етакчилар яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Ҳукуматлараро комиссиянинг Тошкент шаҳрида ва қўшма Ишчи гуруҳнинг Остона шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, саноат тармоқлари ва инфратузилма соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, қўшма маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш орқали фаол гуманитар алмашинувни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
***
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси кўриб чиқилди.
24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, равнақ ва барқарор тараққиёт тилади.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Саноат, автомобилсозлик, тўқимачилик ва электротехника тармоқларида, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ҳамда ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди.
Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида янги савдо ва инвестиция лойиҳалари тўпламини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 24 июль куни ўтган телефон орқали мулоқотида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва ўзаро савдони кўпайтириш масалалари диққат марказида бўлди.
Озарбайжон етакчиси давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегацияси ўтган ҳафта Озарбайжонга амалга оширган ташрифнинг самарали якунлари ҳамда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг Шуша шаҳрида ўтказилган навбатдаги йиғилиши натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Бўлажак олий даражадаги саммитга қадар қатъий келишув ва битимлар тўпламини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан 24 июль куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Тожикистон етакчиси давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибини аниқ амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Етакчилар ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш, жумладан, қўшма кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, ёшларни кенг жалб қилган ҳолда маданий ва спорт тадбирларини уюштириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Минтақавий шериклик, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ва Оролни қутқариш халқаро фонди доирасидаги ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, оилавий бахт ва катта муваффақиятлар тилади.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида бугун юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter