Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қарз берган бой бўлмайдими?

Қарз берган бой бўлмайдими?

Фото: «Xabar.uz»

Муҳтож кишига қарз бериш хайрли амаллардан ҳисобланади. Бировнинг оғири енгил, мушкули осон бўлиши сабабчисига айланмоқ катта савоб ахир. Шунингдек, олинган қарзни вақтида қайтариш мажбурияти, одоби, қоидалари нафақат миллий қонунчилигимизда, балки муқаддас динимизда ҳам мукаммал тарзда баён этилган. Масалан, марҳумга жаноза ўқишдан аввал унинг қарзи бор-йўқлиги алоҳида сўралади. Агар марҳум қарздор ҳолатида вафот этган бўлса, унинг мажбуриятини яқинлари зиммасига олгандагина жаноза ўқилиб, сўнгги йўлга кузатилади. Шунинг ўзи қарз масъулиятининг юки қанчалар оғир эканига далолат қилмаяптими?

Албатта, ҳаётда барча ҳам қарз олди-бердисига бирдек масъулият билан қарамайди. Шу боис одамлар орасида «Оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним», деган нақл юради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки баъзилар қарз олгунча минг тавалло қилиб, қайтаришни ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Шундай ҳолларда қарз шартномаси тузилиши даркор. Ҳозирги пайтда қарз шартномаси фуқаролар ўртасида амалдаги қонун ҳужжатларига тўлиқ амал қилинган ҳолда тузилмоқда. Қарз қайтирилмаган тақдирда суд қарорига биноан ундириб берилмоқда.

Шу ўринда айрим мисолларга эътибор қаратсак.

Фар­ғона шаҳрида яшовчи У.Раҳматжоновнинг уйига таниши М.Саидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) келиб, автомашина сотиб олаётгани, бироз етишмовчилик бўлаётганини айтиб, қарз сўрайди.

У.Раҳматжонов танишининг илтимосини рад эта олмайди. Болаликдан бирга ўсган дўсти, шундай пайтда қўлламаса, уят бўлар?!

М.Саидов қарзни кечи билан икки ойда қайтариб беришини айтиб, ишонтириш мақсадида 13 миллион сўм қарз олгани ҳақида тилхат ҳам ёзиб беради.

Бироқ ваъда вақтида бажарилмайди.

Бу орада У.Раҳматжонов М.Саидовнинг ўйига неча марта боради, бироқ қуруқ ваъдаларга кўмилиб қайтади, холос. Ниҳоят, пичоқ суякка етгач, судга мурожаат қилади.

Бу қарз билан боғлиқ кўплаб низолардан биттаси. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судларида қарз ундириш билан боғлиқ низолар кўпчиликни ташкил қилаётгани ташвишланарли ҳолдир.

Хусусан, судларда 2018 йилнинг биринчи чорагида шундай низоларга оид 299 та иш кўрилган бўлса, жорий йилнинг худди шу даврида ушбу турдаги ишлар сони 331 тани ташкил қилган. Яъни ушбу кўр­саткич 10,7 фоиз кўпайган.

Кўрилган ишлардан қа­рийб 94,2 фоизи бўйича даъволар қаноатлантирилган. Натижада фуқароларнинг қарз муносабатларига доир муаммолари қонуний ва адолатли ечимини топган.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бу — суд қарорининг ижросидир. Аниқроқ айтганда, қарздорнинг қарзни қайтаришга маблағи бўл­маса, унда суд қарори ижроси унинг мол-мулкига қаратилиши керак.

Афсуски, айрим ҳолларда қарздорнинг мол-мулки ҳам йўқлиги иж­ро варақаси муаллақ қолишига олиб келаётир.

Бундай ҳолатда нима қилиш керак?

Айрим давлатларнинг қо­нунларида бундай ҳолатда қарз олган шахсга нисбатан жиноий жавобгарликка тортиш меъёрлари ҳам кўзда тутилган. Қарз олувчининг масъулиятини ошириш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларимизга ана шундай меъёрлар киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар балки? Акс ҳолда, бизнинг қадриятларга кўпам тўғри келавермайдиган «Қарз берган бой бўлмайди» деган нақл ўзини тез-тез эслатиб тураверади.

Н. Мелиқўзиев,
фуқаролик ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьяси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг