Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда ўқитувчи ота 2 ёшли ўғлини бўғиб, кўзларини ўйиб олишга уринган (видео)

Қашқадарёда ўқитувчи ота 2 ёшли ўғлини бўғиб, кўзларини ўйиб олишга уринган (видео)

Фото: Скриншот

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Теракли қишлоғида истиқомат қилувчи 1980 йилда туғилган фуқаро Д.Ш. ўзининг 2019 йилда туғилган ўғли Ҳумоюн Эшқобиловнинг жонига қасд қилишга урингани айтилмоқда. Бу ҳақда «Nasafnews» мухбирига боланинг онаси ва яқинлари хабар берди.

Воқеанинг дастлабки тафсилотларини ўрганган сайт мухбирининг айтишича, ҳозирда болакай Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалидаги бўлимда кома ҳолатида. Унга шифокорлар имкон борича ёрдам қилишмоқда. Аммо боланинг аҳволи жуда оғир.

«2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим 2 та мактабда дарс беради. Воқеа содир бўлган куни соат 4 ёки 5 атрофида ишдан қайтди. Икки боламнинг бирови бешикда эди. Бирови ерда эди. Мен эрим қараб туради деб ўйлаб, ташқарига чиқдим ва молларга қарадим. 20 дақиқа ичида боламни отаси уриб, кўзини кўр қилиб, маз суртган. Икки кўзини роса кўрмайдиган даражага олиб келган. Бўғиб, бошига қаттиқ урган. Олдида турган тикув машинасига урган, бола отилиб кетган. Кейин кўрпача ўраб, ҳушидан кетказиб, тўғри қилиб ётқизиб қўйибди. Кирсам, болам кўкариб, яхлаб қолган экан. Икки соат боламни ҳамма жойини уқаладим. Ўзим ҳам қўрқиб қолиб, ҳеч кимга чиқиб дардимни айта олмадим», – дея йиғлаб гапиради болакайнинг онаси Сожида Жовлиева.

2019 йилда туғилган боланинг онаси сўзларига кўра, у болакайни шифохонага олиб бориш учун турмуш ўртоғининг уйдан узоқроққа чиқиб кетишини пойлаб ўтирган.

«Шу куни тонг отишини Худодан сўраб ўтказдим. Эрталаб эрим ишга кетгандан кейин қайнопамдан илтимос қилиб телефон сўрадим. Укамга телефон қилиб, уни чақирдим. Укам келиб мени ва боламни шифохонага олиб кетди. Шундан кейин маҳалла раисидан сўраб, Қаршидаги тез ёрдамга бордик. Шифокорлар ҳам боланинг аҳволи оғирлигини кўриб, «ҳар нарсага тайёр бўлиб туринглар», деб айтди», – дейди болакайнинг онаси Сожида Жовлиева.

«Nasafnews» мухбири 2 ёшли бола даволанаётган бўлимга борди. Бўлимда у ўта оғир аҳволда эди. Қолаверса, бўйин соҳалари кўкарган, оғиз қисми ва кўзларига оғир тан жароҳатлари етказилгани, бола ҳушсиз, кома ҳолатида эканига гувоҳ бўлди.

«Шифохонага 23 сентябрь куни олиб келинди. Онасининг сўзига қараганда, икки кун олдин ўз отаси болани уйида бўғиб, жонига қасд қилмоқчи бўлган. Олиб келинганда бола ҳушсиз, кома ҳолатида, ҳеч қандай ҳаракат йўқ эди. Бошларида шиш, юзлари кўкариб, бўйнининг тагида кўкаришлар борлигини кўрдик.

Шу кунгача ҳамма керакли тиббий хизматни кўрсатдик», – дейди болакайга тиббий муолажа кўрсатган шифокор Барат Бободўстов.

Шифокорнинг айтишича, болага ёпиқ қўшма жароҳат, ёпиқ калла мия шикастланиши, бош мия лат ейиши, қон қуйилиши, мия шишиши ва мия комаси, ўткир нафас етишмовчилигининг иккинчи даражаси билан ташхис қўйилган. Ҳозир ҳам аҳволи оғир.

Боланинг тоғаси ҳолат юзасидан Ички ишлар ходимларига мурожаат қилганини, аммо улар шикоятни тингламаётганини айтди.

«Опам бизнинг Бойқўрғон маҳалласидан Теракли маҳалласига турмушга чиққан. 2 нафар боласи бор. 1 ва 2 ёшли. Катта ўғли Ҳумоённи отаси уриб, оғир тан жароҳати етказди. Шифокорлар «операция қилсак, омон қолмаслиги мумкин», деб айтмоқда. Воқеадан аввал опамни 3 кун қийнаб, уйида олиб ўтирган. «Агар ички ишларга ёки уйдагиларга хабар берсанг, иккинчи болангдан ҳам айриласан», деб айтган. Ички ишлар бошқармаси ходимларига чиқдик. Улар бир марта келиб, кейин воқеа билан умуман қизиқмай қўйишди», – дейди аёлнинг укаси Жаҳонгир Жовлиев.

«Nasafnews» мухбири воқеа юзасидан видеорепортаж ҳам тайёрлади. Видеода ҳолат бўйича аёл унинг укаси ва отаси ҳолат ҳақида кўпроқ маълумот беради.

Ҳозирча ҳуқуқни муҳофоза қилувчи органлар ҳолат юзасидан ҳеч қандай маълумот бермади.

Биз ҳолат юзасидан айбдорга қонуний чора кўрилиши, бу масалага кенг жамоатчилик бефарқ қармаслигини тарафдоримиз. Чунки Қашқадарёда аёллар ва болаларга бўлаётган тазйиқлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг