Қотилликка ким жавоб беради: жин-ажиналар, турли овозлар ёки назоратсиз қолдирганларми?

«Руҳий касалликлар рўйхатида турармиш.... »
Кейинги пайтларда қотиллик ҳақида ўқиб қолсак, эшитсак албатта руҳий касал экан, деган жавобни эшитамиз ёки касал-пасалдирда дейдиган бўлдик. Балки facebook сайтидаги «Депутатлар, мактаб ва мактабгача таълим минбари» гуруҳида бонг урилганидек: «Бутун руҳий хасталар кўчадами ёки ақлан носоғлом, дейиш мода бўлдими?»
Шу кунларда, бир ой ичида иккита қотиллик содир бўлди – Сурхондарёнинг бозорларидан бирида 3 ёшли қизалоқ куппа-кундуз нотаниш аёл томонидан пичоқланди ва вафот этди...
Куни кеча Юнусобод тумани Юнусобод деҳқон бозори ҳудудида хизмат олиб бораётган пост-патруль хизмати инспектори сафдор И.Ибрагимов ер ости тушиш йўли олдида ўтиб кетаётган фуқаро ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотганлиги сабабли, уни тўхтатиб текшираётган бўлган. Бироқ фуқаро ёнидаги пичоқ билан тўсатдан ходимга ҳужум қилиб, бўйин қисмига жароҳат етказган. Ходим тезкорлик билан касалхонага ётқизилиб, унинг ҳаёти сақлаб қолишга эришилган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида гумондор шахс ушланган. Аниқланишича, у 1963 йилда туғилган, Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи Х.А.Т. бўлиб, 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.
Бундай воқеаларнинг саноғи йўқ, масалан 2021 йил Навоий вилоятининг Хатирчи тумани «Гулистон» МФЙда содир бўлган мудҳиш ҳолатда она ўз фарзанди томонидан, ваҳшийларча пичоқланди. Бунга сабаб яна ўша эркакнинг руҳий хаста эканлиги. Яъни чақалоқнинг йиғиси ёқмаган, келинойиси томонга бораётганда онаси уни қайтармоқчи бўлган. Йигит ғазабдан онасининг кўксига пичоқ қадаган. Агар она қалқон бўлмаганида, барибир қотиллик юз берарди – балки чақалоқнинг онаси ва гўдак ҳам фожеали ўлим топарди. Ахир руҳий хаста одам нима қилаётганини билмайди... Ёки бўлмаса, бундан олти йил аввал 5 май куни кечаси руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турувчи шахс устанинг умрига зомин бўлгани ҳақидаги воқеа-чи? Янгийўл туманида руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турувчи 39 ёшли Ш. И. маст ҳолда уйда ишлаётган устани уриб, ўлимига сабабчи бўлган.
Бундай фожеаларнинг рўйхати жуда узун. Ўлим билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар ҳам барибир одамни ҳушёрликка чорлайди. Шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Билол Нозим кўчасида жойлашган бекат олдида бир аёл мактаб ўқувчиси олдига бориб, мулоқотга киришган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, аёл ўқувчининг қўлидан ушламоқчи бўлган.
фото: интернет, очиқ манбалар
Тошкент шаҳри ИИББ хабар беришича, аёл 1990 йилда туғилган, руҳий-асаб касалликлари диспансерида мунтазам даволаниб турган.
«Қотиллик ажиналарга юкланадими?»
Бундай постларга ёзилган изоҳ эса нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини, балки масъулларни, соғлиқни сақлаш тизимини бефарқ қолдирмайди деб ўйлаймиз:
Н. Х.: «Ўзини касалга солганларнинг дастидан, ҳақиқий руҳий хасталарга шифохонада жой қолмаган шекилли».
Х. Т.: «Мода бўлган, жиноятдан қутилишнинг осон йўли бу...»
З. A.: «Лекин одам ўлдириб қўядиган шунақа руҳий касалларам боракан. Бир қишлоқдошимиз – акамнинг синфдоши шунақа касалга чалинган. Биринчи янгасини пичоқлаб қўйган, (янгаси билан гап талашиб қолибди, кейин пичоқлаб қўйибди дейишганди). Уйдагилари қанақадир балнисага жойлаган. У ерда неча йиллар даволаниб уйга келган, уйдагилари янгасига нимадир қилиб қўймасин деб, янгасини эҳтиёт қилиб юришган бўлган. У бола бўлса бошқа акасининг ўғлини ўқишига бориб, уйга кетдик деб, йўлда ўлдириб қўйган...»
A.О.: «Шунинг учун айтаяпманда, олиб чиқиб кетадиганлар руҳий касаллар томонидан содир этилган жиноятлар учун жазо олиши шарт. Жазо олишга рози бўлмаса олиб чиқмасин! Сиз айтган мисолда ўз яқинларини ўлдирибди. Aммо бу бегона бўлганда нима бўларди? Бир бегуноҳ одам ўлиб кетаверармиди?»
Р.Т.: «Эссиз битта жон! Бизнинг бозоримизда ҳам битта ёши катта ақлий носоғлом аёл юради, йўлида ким учраса қўлини мушт қилиб уриб ўтиб кетади, болалигимда 3-4марта орқамга муштлаб урган, ҳозир ўша аёлни кўришим билан қўрқиб қочаман! Бундай инсонларни махсус жойларга жойлаштирмаган қариндошлари ўзлари ҳамиша назорат қилишлари шарт! Ишга яроқсизлик нафақасини олаётган оила-аъзолари жамоат хавфсизлигини ҳам инобатга олиши керак!»
Ф.Б.: «Руҳий касал одамларни жамиятдан қандай ажратасиз? Бир умр касалхонага тиқиб қўйиб бўлмайди, чунки давлат бюджети буни кўтармайди. Ногиронлар уйига фақат ногиронлиги бор кимсаларни жойлаштириш мумкин. Руҳий касалликда эса осон эмас ногиронлик гуруҳини олиш. Бу аёл руҳий касалликлар диспансери назоратида бўлган, лекин вақтида кўрикдан ўтиб турганми йўқми билмайман. Овозлар буйруқ берди деб кўрсатма берибди дастлаб терговда, демак касаллиги авж олаётган давр ҳозир, яқинлари дори-дармонини ичдими йўқми, назорат қилишмаган бўлса, диспансер ходимлари беморни орқасидан туну кун юришолмайди!»
А.О.: «Сизнинг-ча бир бегуноҳ қизчанинг ўлимида ким айбдор? Руҳий касалларни сақлаб туришга бюджети «кўтармайдиган» давлатми, вақтида кўрикдан ўтказиб турмаган диспансер ходимларими, дори-дармонини вақтида ичиб туришини назорат қила олмаган яқинларими? Кимдир бунга жавоб бериши керак-ку ахир! Бундай касаллар ташқарида юрибдими, демак, буларни ҳаракатига жавоб бериш юклатилган шахслар ҳам бўлиши керак! Ҳар ҳолда суд «бунга овозлар буйруқ берган экан», деб қотилликка айбдорликни ажиналарни бўйнига юклаб ишни ёпмаса керак?!»
Ф.Б.: «Агар у аёл ёлғиз бўлса, демак ўша туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, яъни диспансер ходимлари ва маҳаллий поликлиника ходимлари, агар оиласи билан яшаса, демак ойла-аъзолари назорат қилиши шарт. Дори истеъмолию вақтида касалхонага ётқазишни ҳам.»
А.О.: «Давлат бюджети ортиқча концерт, дабдабали тадбирларни ўтказгунча, шунақаларни парваришлаб шифохонада қарашни жойига қўйсин. Бундай одамлар ўзлари ҳам уйида тузукроқ қаралаётганига, оч эмаслигига, гигиеник аҳволи яхшилигига ишонч борми? Ёки пенсиясини оила-аъзоларига бермай, шифохонада парваришлаш керак! Яқинлари бу касалларниям, бошқаларнинг хавфсизлигиниям таъминлашига ким гарантия беради? Қизчани қайтара оладими?»...
Ким назорат қилади?
Руҳий хасталар орасида хавфсизлари ҳам бор, аммо хавфли тоифалар борки, айрим ҳолатларда назоратсиз қолган беморлар нафақат ўзини, балки жамиятни хавф остига қўяди.
Баъзи инсонлар ҳақиқатан ҳам ўзини идрок қилмайди. Лекин нега айнан жиноят содир этилганидан кейин «руҳий носоғлом» экани аниқланади? Аввал қаерда эди у? Қандай юрарди? Нима учун кўчада эди?
Назоратсиз одамлар кўчада юрибди, шунчаки «у руҳий касал» деб ҳар бир қотилликни оқлаб бўлмайди. Инсон ҳаёти тасодифий қотиллик учун қурбон бўлмаслиги керак.
Кўпчилик учун бу тушунарсиз: Нега ҳар бир шов-шувли қотилликдан сўнг эшитадиган гапимиз битта: «у ақл-ҳушида эмас эди»?
Қизиғи шундаки, бу гап ўша инсон жиноят содир этмагунча айтилмайди. Ундан аввал у нафақат юрарди, балки атрофдагилар билан мулоқотда бўларди, кўп ҳолларда унга ишонч билдирилади, баъзан у ҳатто меҳнат қилади, хизмат кўрсатади. Унда нима учун айнан жиноятдан кейингина «руҳий носоғлом» эканлиги аниқланади?
Қурбонлар учун ким жавоб беради?
Ҳар қандай жамиятда давлатнинг биринчи вазифаси – инсон ҳаётини ҳимоя қилиш. Агар шахс руҳий хасталиги билан хавфли ҳисобланса, нега у даволанмаяпти? Агар у хавфсиз бўлса нега у жиноят қилаяпти?
Ҳар қандай руҳий хасталик жиноят эмас. Лекин жиноят қилган шахсга «руҳий хасталик» деб ёрлиқ ёпиштириб, жазодан озод қилиш – бу жамиятга қарши жиноят.
Агар инсон ақли тўлиқ жойида бўлмаса, унинг ҳаракати назоратда бўлиши шарт. Лекин бизнинг шароитда руҳий хасталарнинг аниқ, очиқ рўйхати мавжуд эмас. Баъзи беморлар уйда сақланади, баъзилари умуман ташхиссиз қолади, баъзилари эса ўзини ҳимоя қилолмайдиган аҳволда кўчада қолаётгани ҳам бор.
Руҳий хаста инсонга инсон сифатида муносабатда бўлиш керак – шубҳасиз. Аммо у одам жиноят қилган бўлса, жамият «у бемор эди» деб тасалли топмаслиги керак. Чунки бу тасалли эмас – қурбонларнинг келгусида сонини кўпайтириш хавфи.
Буни кечириш, унутиш, ёпиш мумкин эмас. Бу тизимли ечим талаб қилади.
Қуйидаги чоралар шошилинч ва зарур:
Руҳий хасталар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, хавф даражасига кўра назоратга олиш.
Психиатрия хизматини кучайтириш – кадрлар сонини, диспансерлар имкониятини кенгайтириш.
Суд-психиатрия экспертизасини шаффоф ва кўп жиҳатдан назорат қилиш механизмларини кучайтириш.
Жавобгарликни кенгайтириш – фақат қотил эмас, балки ўз вақтида реакция қилмаган шифокор, маҳалла, ҳатто оила аъзоси ҳам масъул бўлиши керак.
Жамиятни хабардор қилиш – аммо нафрат эмас, балки эҳтиёткорлик ва тушуниш орқали.
Руҳий хасталик – инсон ҳаётининг оғриқли қисми. У жиноят эмас. Лекин жиноятни ақлий носоғломлик туфайли содир бўлди, дея кўниксак, бу жамиятни хавф остига қўйиш демакдир.
Қотилликни «руҳий хаста»лик ортига яшираверсак, унда биз нафақат жиноятни, балки одам ҳаётининг қимматини ҳам йўқотаётган бўламиз.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter