Қўй куй тинглаяптими ёки куй қўй бозорида сотилаяптими?
«Ўзбек тилимни, ҳамон «туя» гўшти еб, «музлаб» ётган ёзувимни топтаётган, хўрлаётганлар... Афсус, минг афсус, бегона эмас, ўзимизникилар-ку, деб куюниб ёзади журналист Норқобил Жалилов facebook саҳифасида. – Уларни ким деб атайин, айтинг! Қўлинг акашак бўлсин-а, «қўй» билан «куй»ни фарқлолмасанг!
Бу «реклама»ча маҳалла-кўй ё гадойтопмас кўчаларда бўлганида қўл силтаб қўя қолардим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, неча ойдан бери Ўзбекистоннинг қоқ маркази Тошкенти азимда, каттакон трасса (Қўйлиқ-7 мавзеси ва Хонобод қишлоғи, «Элбрус» тўйхонасига қарама қарши тараф) бўйида бўй басти билан турибди. Кўзи очиқ одам зоти борки, минг марта кўряпти, аммо ҳеч ким миқ этмаяпти.
Қани, қайси мард идора (маънавиятчилар, она тилимиз бўйича масъуллар, ҳокимликлар ҳузуридаги номлари узун ташкилотлар ва ҳ.) ушбу «кўрсаводлик намунаси»ни ер билан битта қилиб тузата олармикин?»
«Бундай шармандали ҳолат миллатнинг, халқнинг устидан кулишдан бошқа нарса эмас, деб ўз фикрини изоҳларда давом этади журналист. – Аслида шундай эълонни қўйишнинг ўзи ноқонуний! Битта йўлча четини машинангизда боссангиз «штраф» келяпти телефонимизга! Бунга эса сукут сақлашяпти...»
Мақолани тайёрлаш асносида slideshare.net сайтида қизиқ маълумотларга дуч келдим. Бир пайтлар Блендамед тиш пастаси ўзининг реклама роликларини Араб мамлакатларида намойиш қилади. Бироқ араб алифбосида ҳарфлар ўнгдан чапга қараб ёзилиши боис реклама акс таъсирга сабаб бўлди: ювишдан илгариги касалланган тиш сурати билан ювгандан кейинги соғлом тиш расми тескари маъно касб этиб, мазкур тиш пастасини араб мамлакатидан ҳеч ким харид қилмай қўйди.
Ёки яна бир мисол: «American Airlines» авиакомпанияси ўз самолётларига чармли ўриндиқлар ўрнатишади. Авиакомпания бу ҳақда мексикалик ҳамкорларига «Fly in leather» «терида учгин», деб реклама, эълон беришди. Бироқ мексикалик ҳамкасблари улардан хафа бўлишди. Чунки улар бу иборани «яланғоч бўлиб учгин», деб тушунишган эди.
Ва яна бир шунга ўхшаш ҳодиса Америкада бўлиб ўтади. АҚШнинг таниқли автоконцерни «General Motors» Лотин Америкаси бозорига ўзининг янги «Chevrolet Nova» автомобилини чиқараётиб жиддий хатога йўл қўйди. Яъни автомобиль номининг иккинчи қисми «Nova» испанчадан таржима қилинганда «қимирлай олмайди» маъносини бераркан...
Мақоланинг бошида биз иккиланаётган ибора қўйми ёки куйми каби хатоликлар аслида жуда шармандали ҳол. Балки ҳамкасбимиз Анвар Намозов ўша постга ёзган мана бу изоҳ кабидир вазият: «Қани хато? Балки куй-мелодия дейишмоқчидир? Пастдаги расм қўйлар эса уларнинг мухлисларини англатар эҳтимол? Яна бир фараз: ем-хашак тугаган бўлса, қўйларни алдаб, иштаҳасини бўғадиган оҳанглар назарда тутилгандир? Бу ҳам инновацион ғоя, ўртоқлар!»
Бу ҳолатни мутасаддилар, масъуллар албатта назоратга олади, деб умид қиламиз. Йўқса келгуси авлод қўйни куй, куйни қўй деб тушунади, тасаввур қилинг: Куйни пиширинг, қўйни тингланг...
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter