Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон собиқ адлия вазири 9 йилга қамалди, мол-мулки мусодара қилинди

Қозоғистон собиқ адлия вазири 9 йилга қамалди, мол-мулки мусодара қилинди

Фото: Primeminister.kz

Қозоғистон суди ҳукми билан собиқ адлия вазири Марат Бекетаев тўққиз йил муддатга қамалди.

У фирибгарлик, йирик миқдордаги ўзлаштириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланишда айбдор деб топилди.

Собиқ вазирнинг тергови «махфий» тамғаси остида олиб борилгани учун ишга оид тафсилотлар очиқланмаган.

Бекетаев 2023 йил октябрида қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, у аффилланган компания манфаатларига хизмат қилган: ҳар йили хизматлар учун шартнома тузган, аслида бу хизматларнинг амалий аҳамияти бўлмаган. Коррупцияга қарши курашиш идораси баёнотига кўра, оқибатда давлатга йирик миқдорда зиён етказилган.

Қамоқ жазосидан ташқари, суд маҳкумнинг мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Марат Бекетаев 2016–2022 йилларда Қозоғистон адлия вазири бўлган, кейин, 2023 йил бошига қадар бош вазир маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг