Ўзбекистоннинг қурилиш материалларида импортга деярли эҳтиёжи қолмади
Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари соҳасини қурувчилар ишончига сазовор бўлган, сифат, стандарт, ассортимент ва нарх бўйича комплекс ечимлар таклиф этадиган тармоққа айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўн йил аввал маҳаллий қурилиш материаллари деганда асосан қум-шағал, ғишт, цемент, ойна ва шифер тушунилган. Бу маҳсулотлар қурилишда фойдаланиладиган материалларнинг бор-йўғи 35–40 фоизини ташкил этар эди.
Сўнгги ўн йил давомида соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 4 мингдан ортиқ замонавий корхона ишга туширилди. Натижада қурилиш материаллари саноати мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланди.
Ўтган йиллар давомида цемент, ойна, базалт, керамик буюмлар, газоблок ва қуруқ қоришмалар каби 20 дан ортиқ асосий маҳсулот турлари бўйича ички талабни тўлиқ қоплайдиган ишлаб чиқариш қувватлари шакллантирилди.
Шу билан бирга, иссиқлик сақловчи материаллар, композит маҳсулотлар, экологик пардозлаш воситалари ва пол қопламалари каби юқори қўшилган қийматга эга янги йўналишлар ҳам жадал ривожланмоқда.
Бугунги кунда янги уй-жойлар ва саноат объектлари қурилиши учун зарур бўлган материалларнинг 98 фоизи мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Бу кўрсаткич соҳада маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошганини кўрсатади.
Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг кенгайиши соҳанинг иқтисодий кўрсаткичларида ҳам акс этди. Охирги ўн йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 7 триллион сўмдан 53 триллион сўмгача ошди. Тармоқ экспорти эса ўтган йил якунларига кўра 1,2 миллиард долларга етди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter