Қуёш ва шамол электр станциялари олти ойда 5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарган

Бугунги кунда мамлакатнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4 119 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 4 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.
Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги дастлабки қуёш электр станциялари тармоққа уланганидан сўнг 2022 йили 434 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.
Ўтган йили республиканинг 7 та вилоятида жойлашган 9 та қуёш ва битта шамол электр стансиялари томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт/соатни ташкил қилди.
Бундан 26 кун олдин, 2025 йил 10 июнь куни соат 12:00 да жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган эди.
6 июль ҳолатига кўра, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 5 млрд кВт/соатга етди. Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 26,7 млн кВт/соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир.
Мазкур генерациянинг 3 млрд 125,4 млн кВт/соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1 млрд 915,1 млн кВт/соатлик қисми эса шамол электр стансиялари томонидан ишлаб чиқарилди.
Бунинг натижасида:
- 1 млрд 515 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
- атмосферага 2 млн 220 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 7 июль соат 08:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 8 млрд 736,9 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 20,3 фоизини ташкил қилади.
Бунинг натижасида:
- 2 млрд 647 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;
- атмосферага 3 млн 879 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
Маълумот учун, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7 миллион 280 мингта хонадоннинг олти ойлик ёки 3 миллион 640 мингта хонадоннинг бир йил меъёрий базасини ташкил қилади.
Манба: t.me
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter