Рақобат қўмитаси Trend брендини жаримага тортди
Рақобат қўмитаси Trend писта ишлаб чиқарувчисини жаримага тортди.
Рақобат қўмитасига MEGA бренди остида ишлаб чиқарилаётган писта маҳсулоти ишлаб чиқарувчиси мурожаат қилиб, TREND бренди остида ишлаб чиқарилаётган писта маҳсулоти ишлаб чиқарувчиси томонидан инсофсиз рақобат ва номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйилганлигини маълум қилган.
Мурожаатда қайд этилишича, TREND брендининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жойлаштирилган реклама роликларида мазкур маҳсулотнинг MEGA бренди маҳсулотидан устунлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилувчи ифодалардан фойдаланилган.
Шунингдек, рекламада MEGA брендини обрўсизлантиришга олиб келувчи лавҳалар қўлланилгани ҳамда мазкур ҳолат ишлаб чиқарувчининг ишчанлик обрўсига зарар етказгани билдирилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 16-моддасига мувофиқ, номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйилмайди.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан «OZIQ OVQAT STANDART KARTON» МЧЖга (TREND бренди) нисбатан «Реклама тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатилиб, унинг номақбул (нотўғри) рекламага йўл қўйгани эътироф этилди.
Натижада жамиятга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилиб, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида такрорламаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, ушбу иш доирасида «Реклама тўғрисида»ги қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйиб, тармоқларга аксилреклама материалларини жойлаштирган блогер (фуқаро Абдураҳмон Фазилов)га нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон Қўмитанинг Апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter