Рассом Гулнора Раҳмон: «Мени ўзгартирган китоб»...

«Мени ўзгартирган китоб» лойиҳаси меҳмони, ҳам рассом, ҳам таржимон, ҳам ёзувчи Гулнора Раҳмон. Бугун Гулнора Раҳмоннинг таниқли рассом бўлишига, бир неча китоблар муаллифига айланишига, ҳатто инглиз тилини ўрганиб таржимонликда яхшигина муваффақиятларга эришишида китобнинг ўрни жуда катта. Бу ҳақда қаҳрамонимиз батафсил ҳикоя қилади...
«Алифбе» ва «Ўқиш китоби»дан кейин биринчи ўқиган китобим «Қуёшбой ва Шамолой» деган шеърий тўплам эди. Ҳар ҳолда кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари учун чиқарилган китоб. Балки жуда ҳам биринчи эмасдир. Аммо муқовасидаги сурат ҳам мазмуни ҳам эсимда қолган китоб шу. Афсуски муаллифи унутилиб кетган.
Отам ҳам, онам ҳам китобсевар одамлар эдилар. Улар «Шоҳ Машраб», Саъдий Шерозийнинг «Бўстон», «Гулистон» номли асарлари, «Калила ва Димна» сингари китобларни ўқишарди. Хуллас мен шу китобларни колхоз ва мактаб кутубхоналаридан олиб келиб ўқиганман. У пайтлари ёмон асарнинг ўзи бўлмаганми, ким билсин, қўлимизга тушганҳамма китобни ўқир эдик. Дала ишларига ҳам китоб олиб кетардик. Салгина дам оладиган бўлсак, албатта китоб ичидаги дунёга шўнғир эдик. Баъзан бригадир ёки ҳисобчи тепамизга келиб қолганини пайқамай, бир-икки хивич еб қолган пайтларимиз ҳам бўлган.
Фикримни ўзгартирган китобга келсак, мен учун Хайриддин Салоҳ деган шоир катта кашфиёт бўлган. Унинг маҳзун ва инсон қалбига доир шеърларини шу қалар яхши кўриб қолганман-ки, қайта-қайта ўқийверганимдан ёд бўлиб кетган эди. Ҳозир биттасини эслашга ҳаракат қиламан:
О, куз!
О, мен севган сахий, олтин куз!
О, сув узра қалққан тилла япроқлар!
Ҳаёт билан мангу видолашдингиз,
Бир йил ҳам яшамай жилла
Япроқлар!
Сизларга боқаман,
Ўй элтар мени
Мисоли бутоқдан учиб тушган барг,
Вақт етиб одам ҳам ҳаёт юзини
Бутун бир умрга тарк этади, тарк!
Аммо биламанки, инсон боласи
Япроқдек йўқ бўлиб кетмас
Буткул, йўқ!
Мисоли қирларнинг ёқут лоласи
Қалби ёниқ қолар
Аланга ё чўғ…
Яна менинг шеърият ҳақидаги тасаввуримни Абдулла Ориповнинг ижоди бутунлай ўзгартириб юборган. Учинчи синфда ўқиб юрганимда «Гулистон» журналида Абдулла аканинг шеърий туркумига кўзим тушди.
Шунда улуғ шоиримизнинг «Арманистон» деган шеърини ёдлаб олганман. Ўшанда менинг рассом бўлиш орзуйим шаклланиб бўлган, бироқ шунақа яхши шеърларни ўқисам, шоир бўлгим ҳам келиб қоларди. Туркум юқорисида Абдулла аканинг сурати ва туғилган йили ҳам чоп этилган эди. Ўшанда ўзим ўн ёшдаман, Абдулла Орипов бу шеърларини йигирма олти ёшида ёзибди, мен ҳам ёзиб юрсам, у кишининг ёшида шундай таъсирли шеърлар ёзарман, деган хаёлда ҳатто шеърий машқлар ҳам бошлаб юборганман.
Ҳар ҳолда рассом бўлиш пешона ёзуғимда бор экан, шу соҳада ўн йил ўқидим ва пойтахтда қолдим. Абдулла акани баъзан узоқдан кўрсам ҳам, ҳеч рўпараларида ўтириб, суҳбатини эшитмаган эдим. Қирқ ёшларимда севимли шоирамиз Шарифа Салимова билан Абдулла акани ҳукумат стационарида даволаниб ётган жойларига бир неча киши бўлиб кўришга бордик. Қолган дугоналаримиз қалам аҳлидан бўлганлари туфайли, улуғ шоиримиз уларни танир эканлар. Суҳбат орасида менга қараб «Бу синглимизни танимадим. Шоира сингилларимизданми?», дедилар. Мен «Абдулла ака, сиз минглаб мухлисларингизнинг ҳаммасини билишингиз шарт эмас. Муҳими сизни биз таниймиз», дедим. У киши ҳам ҳазиллашиб
«Бизни қачондан буён танийсиз», деб сўрадилар.
Мен учинчи синфда ўқиб юрганимда «Гулистон» журналида туркум шеърларингиз чиққан. Ўшанда «Арманистон» деган шеърингизни ёд олган эдим…
Шундай қилиб дилбар, инсон қалби мавжларини куйлайдиган шеъриятни Хайриддин Салоҳ ва Абдулла Орипов ижоди туфайли таниганман.
Яна менга шу ўн бир, ўн икки ёшларимда ўқиган Жеймс Гринвуд деган инглиз ёзувчисининг «Кичкина йўқсилнинг асл тарихи», деган китоб жуда таъсир қилган. Унда бир боланинг онаси дунёдан ўтгач, отаси бошқа аёлга уйланади. Ва тўхтовсиз калтаклардан безган бола уйидан қочиб кетади. Шаҳар ўртасига ўрнатилган бир фил ҳайкалининг (ичи бўш, қорин қисмида тирқиш бўлади) ичига кириб яшайди. Кўча болаларига қўшилиб бир бурда нон топиш илинжида не-не оғир юмушларни бажаради, қишларда гала-гала бўлиб, бир-бирини пинжига кириб, ўзаро исиниб тунларни ўтказишади, ва бир куни полиция уларни тутиб олиб «иш уйи» га жўнатади. Бу ерда болалар кўмир, олтин қазиш каби сингари оғир ишларга солинади. Бу «уй» болаларни тўяр-тўймас боқиб, то ишга ярамай қолиб нобуд бўлгунча ишлатадиган, ҳеч ким тирик чиқиб кетолмайдиган бир ташкилот бўлади. Бола бу ердан ҳам қочади. Лондоннинг совуқ, тош кўчаларида дарбадар кезар экан, бир чекка жойда, эски латта-путталар уюмига кўзи тушади. Шу латталарни олиб бирор ерга тўшаб ухлашни хаёл қилиб, қўл урса, жандалар остидан бир чолнинг боши кўринади ва «Эй, тинчгина ўлгани ҳам қўймайсизларми, қоч бу ердан» дейди. Бола эса, «хўп-хўп, кечирасиз сэр, бемалол ўлаверинг, бу ерда сизнинг борлигингизни билмабман», деб узоқлашади. Хуллас бориб-бориб бир заводданми, фабрикаданми иш топади… Мана шу қаҳрамонга қаттиқ ачинганман. Ўзимизнинг тонгдан қора кечгача пахта даласида ишлашимиз, икки букилиб ягона қилишимиз (гуж-гуж кўкарган пахтани сийраклаш) чопиқ, чеканка, пахта, кўсак теришлар ҳолдан тойдириб юборадиган меҳнатларимиз, туз сепиб, тугунча қилиб осиб қўйилганига қарамасдан барибир ҳидланиб қолган гўшт солиб тайёрланган таомлар ейишимиз бу боланинг қийинчиликлари олдида гўё ҳолвадай, яшаш тарзимиз эса жаннатдай туюлган.
Кейинчалик бешинчи, олтинчи синфларда Ўзбек адабиётининг ўша йилларда ижод қилган адиблари китобларини ўқиганман. Булар ўша, «Ўқитувчи», «Олтин зангламас», «Шинелли йиллар», «Жаннат қидирганлар», «Фарғона тонг отгунча» ва «Гирдоб» сингари китоблар эди. Ўша пайтларда қизиқиб ўқиганим билан кейинчалик бу китобларни қайтиб ўқиганим йўқ. Зеро, менинг қўлга олишимни кутиб ётган китоблар дунёси ҳали жуда улкан эди. Умуман жуда кўп китоб ўқир эдим ва кўпинча овозимнинг борича завқ билан шеър ўқиб қолардим.Опаларимнинг каттаси Анвара адабиёт ўқитувчиси эди. Бир марта шу опам меҳмонга келганида ташқарида супага ўрин тўшаб ёнма-ён ётганмиз. Ва эрта тонгда уйғониб кетиб:
«Бугун эрта туриб тонгни кўрдим,
Оқ шоҳи рўмоли бошида
Уфқ ясантириб, гўзал фалак
Сочини тарайди қошида»...
деб шеър ўқиб қолдим. Опам ҳам ўрнидан туриб ўтирди. Кейин менга қараб «Сени ўқитмасак бўлмайди. Ўқишга кириб битириб, ўша ёқларда яшамасанг, бу шоир табиатингни қишлоқ кўтармайди», деган.
Кўп китоб ўқиганим учун бўлса керак, жуда ҳам хаёлпараст эдим. Ўша далаларда совқотиб, қунишиб, қор остидан пахта териб юрган пайтларимиз ҳам, қуёшнинг тиғида ягона-чопиқ қилиб юрганларимизда ҳам менга гўё айни пайтда бировнинг ҳаётини яшаяпман-у, менинг ҳаётим бошқача бўладигандай, «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Саодат» журналларида чоп этилаётган рангтасвирлардай суратлар чизиб, рассом бўлиб Тошкентда яшайман, деган хаёлми, ишончми онгим остида ҳукмрон эди.
1973 йилда тўққизинчи синфни битириб рассомлик билим юртига ўқишга кирдим ва сабоқ берадиган ўқитувчимиз Людмила Ивановна Основенко ва гуруҳдаги русийзабон талабалардан бир йилда рус тилини анча ўзлаштириб олдим.
Ва бирданига рус тилида китоб ўқиш завқини кашф қилдим. Энди қаршимда рус тилига таржима қилинган жаҳон адабиёти, рус замонавий ва классик адабиёти оламининг дарвозалари очилди. Шундай қилиб оч одам олдига қўйилган барча таомни ейишга ҳаракат қилгани каби пайдар-пай ўқишга киришдим. Институтга кириб то битиргунча, олти йил давомида фақат рус тилидаги китобларни ўқидим. Булар Илья Эренбургнинг «Уруш» эпопеяси, «Бедарак кетганлар» (муаллифи эсимда йўқ) Лев Тольстойнинг «Уруш ва тинчлик», Анна Каренина, Максим Горький, Нодар Думбадзе, Чингиз Айтматов, Булгаков, Габриэль Гарсиа Маркес, Хеменгуэй каби кўплаб ёзувчиларнинг китобларини ўқидим. Орадан бирор саккиз йил ўтгач, кўргазма залларига томошага келган шоир йигитлар, қизлар билан таниша бошладик. Мен энди адабиёт аҳли деган сеҳрли, оҳанграбо даврага кириб қолган эдим – Эркин Аъзамов, Хайриддин Султонов, Мурод Муҳаммад Дўст каби адибларни ўзим учун кашф қилдим. Аёллардан Ҳалима Худойбердиева шеъриятини, адиба Дилбар Саидова асарларини севиб ўқий бошладим. Бу қалам соҳибларининг мен ўқимаган китоблари йўқ. Лекин шу рус тилидаги китобларга берилиб кетган саккиз-ўн йил ичида ўзбек адабиётида қандй адибларнинг асарлари етакчи бўлди, билмайман.
Қайта ўқиган китобларимдан Эркин Аъзамнинг тўрт томли сайланмаси, Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» асарини айтишим мумкин. Яна Собир Ўнар, (раҳматли) Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султонларнинг деярли барча китобларини ўқиганман.
Айни кунларда Баҳодир Қобулнинг «Отачироқ» номли китобини ўқияпман.
Қўлма-қўл бўлиб кетган китобларим қайтиб келмаган.
Талабалик давримда қалам аҳли билан дўстлашганим аввал журналистикага, кейин адабиёт оламига бошлаб келди. Аввалига «Санъат» журналига топширилган рус тилидаги мақолаларни ўзбек тилига таржима қилдим. Кейин ўзим ҳам санъатшунослик мақолалари ёза бошладим. Аста-секин ҳикояларим матбуот юзини кўрди. Аввал 2008 йилда «Марварид шодаси» номли қиссам китоб шаклида чоп этилди. Кейин 2011 йилда «Юрак деворидаги чизгилар» номли китобим чиқди. Шундан кейин кўп йиллар ёзмай кетдим. Кейин ота-онам, боболарим бош қаҳрамонлари бўлган, ўзим кўрган, эшитган воқеаларга асосланган «Умрнинг уч фасли» номли қиссам чоп этилди. Олтмиш ёшимда инглиз тилига қизиқишим ортиб, шу тилни ўргана бошладим. Ўрганиш жараёнида мустақил таржима қилган иккита асарим «Янги авлод» нашриёти томонидан китоб шаклига келтирилиб дунё юзини кўрди. Булар инглиз адибаси Дафна дю Морьенинг «Ребекка» ва «Қариндошим Рейчел» (ихчамлаштирилган вариантлари) номли романларидир. Кейин шу нашриётнинг буюртмаси билан Вильям Шекспернинг болалар учун махсус ихчамлаштирилган бешта асарини таржима қилдим. Иккитаси чоп этилди. Учтаси жараёнда. Яна ҳали чоп этилмаган замонавий инглиз адиблари ижодидан таржима қилинган «Биринчи гумондор», «Ғолиблар» номли иккита қиссам бор.
Шу кейинги уч йил ичида жиддий ишладим. Сюжетлар ўзим ҳаётда кўриб кузатган воқеаларим. Қаҳрамонларим ўзаро оилавий жанжаллар, қайнона-келин можароларидан баланд инсонлар. Қаҳрамонларим асосан оддий аёллар бўлиб, бирор мураккаб ва оғир ҳаётий гирдобга тушиб қолади. «Мен енгишим керак», деган фикрни хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда муаммолар билан курашади, турмушнинг тиканли сўқмоқларида йиқилиб- суриниб фақат илгарилайди, оғир ҳолатлардан инсоний қиёфасини йўқотмай чиқиб олади. Кейинги уч йил ичида ўнга яқин қисса, ҳикоялар, ва «Кечиккан тонг» номли роман ёздим. Ўша «Умрнинг уч фасли» номли асаримдан тортиб то шу бугунгача ёзган қиссаларим «Сўғдиёна» ҳафталик газетасида мунтазам чоп этиб келиняпти.
Романим ҳозирча таҳрир жараёнида. Яна бир иккита сюжет хаёлимда айланиб юрибди. Лекин ҳали бошлаганим йўқ. Шунингдек айни кунларда бирорта асар таржима ҳам қилаётганим йўқ.
Мен ҳозир ўзим ёқтирган адиблар ва шоирлар портретларини ишлаш билан бандман.
Гулнора Раҳмон
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter